Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Озодлик” радиоси “тирноқдан кир қидириш”да давом этмоқдами?

Жорий йилнинг 09 сентябрь куни “Озодлик” радиосининг сайтида “Ургутдаги сув жанжали ортидан ўнлаб йигит ҳибсга олингани ва қийноққа тутилгани иддао қилинмоқда” номли мақола эътиборимни тортди.

  Мақолада Ургут туманининг Камангарон ва Вағашти қишлоқлари сув талашиб зиддият содир қилгани ва гўёки бу жанжалда қатнашмаган фуқаролар ҳам оммавий хибсга олингани ҳамда давлатнинг бу икки қишлоқ аҳолисига ёрдам бермагани айтиб ўтилган.

  Аслида ҳам шундайми? Бу икки қишлоқни муаммосини давлат ҳал қилмаяптими?

   Ургут туманининг Камангарон ва Вағашти қишлоқлари аҳолилари йиллар давомида сув талашиб келганлиги сабабли, уларни 100 йил давомида сув билан таъминлаш имкониятига эга бўлган катта маблағ талаб қилувчи тўғонни қуриш лойиҳаси тасдиқланган ва қурилиш ишлари йўлга қўйилган. Лекин қишлоқ аҳолисининг баъзи вакиллари буни нотўғри тушуниб, мазкур тўғон қурилишига қаршилик қилишган ва хуқуқ тартибот идоралари мол-мулкига зарар етказишган.

  Ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноий иш доирасида тегишли қонуний чоралар кўрилмоқда. Бу ҳақда Интернет тармоғида ёритиб борилган.

  Ғўс қишлоғи аҳолисининг баъзи бирлари “самосуд” қилиб, қонун бузилишларига йўл қўйганлиги сабабли, уларга ҳам “Қонун устувор жазо муқаррар” тамойили остида жазо чоралари кўрилмоқда.

  “Озодлик” радиоси “самосуд” ҳолатларини ёритиб, гўёки Ўзбекистонда давлат йўқлиги, хуқуқ-тартибот идоралари ишламаётганини рўкач қилиб келади. Лекин “самосуд” қилганларга чора кўрилса, бу ҳам кўра олмасдан “тирноқдан кир қидириб” ўз билганича ёритади? “Озодлик”ни наздида “самосуд” қилганларга чора кўрилмаслик керакми?

  “Озодлик” радиоси журналистлари бу материални тайёрлашда, Камангарон ва Вағашти қишлоқлари ўртасидаги зиддиятни бошловчиси, ҳозирда қидирувда бўлган, АҚШда яшаб келаётган Сафарали Хасановнинг бир томонлама ва нохолис маълумоти асосида тайёрлаганлиги кўриниб турибди.

  Савол туғилади. Нима учун “Озодлик” радиоси жорий йилнинг ёз ойида содир бўлган ва бир неча бор Интернетда чиққан эски материалларни тўплаб, ўзидан қахрамон ясаб, бўҳтон материални Интернет орқали тарқатишни мақсад қилган? “Озодлик”нинг мақсади халқ билан давлатни, халқ билан хуқуқ-тартибот идораларини ўртасига нифоқ солишдан иборат деб тушуниш керакми? “Озодлик”нинг ғаламис журналистлари эса қаллоблик қилишдан чарчамаслиги бу сафар яққол билиниб қолди.