Парижда бўлиб ўтган “сариқ нимчалар” намойишида 200 киши ҳибсга олинди

Париж полицияси “сариқ нимчалар” ҳаракати томонидан ўтказилган намойишларда 200 кишини ҳибсга олди. Бу ҳақда маҳаллий полиция хабар берди.

“Соат 15:00 (18:00 Тошкент вақти билан) ҳолатига кўра, бўлиб ўтган намойишлар чоғида ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари томонидан 200 киши ҳибсга олинди, 35 киши жаримага тортилди”, дейилган Франция пойтахти полициясининг Твиттер саҳифасида.

BFMTV телеканали тақдим этган маълумотга кўра, намойишчиларнинг 54 нафари қамоққа олинган.

Дастлаб намойишчилар ёқилғи ва бензин учун тўланадиган солиқлар қийматини оширмасликни талаб қилдилар. Бу талабга кейинчалик яна бир қатор қўшимча талаблар қўшилди. “Сариқ нимчалар” иштирокидаги намойишлар кўп ҳолларда тартибсизликлар ва полиция билан тўқнашувлар билан якунланади.

“Сариқ нимчалар” ҳаракати бундан икки йил олдин вужудга келди. 2018 йилнинг 17 ноябрь куни улар иштирокидаги биринчи кенг кўламли намойиш бўлиб ўтган. Ушбу ҳаракат иштирокчилари француз ҳайдовчилари кийими ҳисобланган чироқ нурини қайтарувчи сариқ нимчалар кийишади.