Паст Дарғомда милоддан аввалги III-II асрга тегишли ҳарбий истеҳком топилди
Ушбу археологик топилма туманнинг Дўстлик маҳалласи ҳудудида жойлашган “Қўй тепа” тепалиги ўрнидан топилди. Айни пайтда ушбу жойда италиялик ҳамда самарқандлик археолог-олимлар илмий экспедиция олиб бормоқда.
Илмий қидирув жараёнида олимлар ҳудуддан қалъа деворлари, катта кўза, коса, кичик ҳайкалча, муҳр каби ноёб топилмалар топишган. Олимларнинг таъкидлашича, ушбу тарихий объект ташқи душманлардан ҳимояловчи ҳарбий истеҳком бўлган.
Паст Дарғом тумани ҳокимлиги ахборот хизмати хабар беришича, туман ҳокими Шунқор Худойбердиев ушбу тарихий манба билан танишиш учун ушбу объекти келган, олимлар билан суҳбатлашган. Олис юртдан келиб, тупроқ остида яширинган тарихимизни очишда кўмаклашаётгани учун хорижлик олимларга ўз миннатдорлигини билдирган.
Шунингдек, туман ҳокимлиги олимларга илмий қидирув жараёнида зарур бўлган моддий-маънавий кўмак беришга тайёрлигини айтган. Жумладан, ҳоким тепаликни ташқи таъсир, жумладан, ёмғир, қорлардан ҳимоя қилиш учун тарихий объект устига темир панжара ўрнатиб, устини тўлиқ ёпиб беришни ўз зиммасига олган.