Пахта ва ғалла майдонлари сунъий йўлдош ёрдамида кузатилади
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги (“Ўзбеккосмос”) томонидан ерни масофадан зондлаш ва космик мониторинг технологияларини қўллаган ҳолда давлат органлари фаолияти самарадорлигини оширишга кўмаклашиш, бу борада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан кенг кўламли ишлар қилинмоқда.
Жумладан, агентлик томонидан Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Airbus компанияси вакиллари билан биргаликда “Geo Ferma” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида Жомбой, Оқдарё ва Пайариқ туманларининг тахминан 2000 кв.км. бўлган қишлоқ хўжалиги ерлари, яъни пахта ва ғалла экин майдонларининг сунъий йўлдош аппаратлари ёрдамида олинган ва ишлов берилган маълумотларини таҳлил қилган ҳолда синов-тадқиқот ишлари ўтказиш белгиланган.
Вилоят ҳокимлигида ўтказилган учрашувда мазкур лойиҳа ҳақида маълумот берилди ҳамда “Ўзбеккосмос” агентлигининг имкониятлари юзасидан тақдимоти намойиш этилди.
Тадбирда агентлик масъуллари ва Франциянинг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамда Airbus компанияси вакиллари, вилоят қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари иштирок этди.
Агентлик бош директори, бошқарма бошлиқлари, Франция Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Airbus компанияси вакиллари сўзга чиқиб, Оқдарё, Пайариқ ва Жомбой туманларидаги қишлоқ хўжалиги ерларида рақамлаштириш бўйича лойиҳа доирасида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланишича, “Geo Ferma” лойиҳаси “Ўзбеккосмос” агентлиги ва унинг франциялик ҳамкори – Airbus компанияси билан биргаликда Франция ҳукуматининг “FASEP” грант дастури доирасида молиялаштириш кўзда тутилган. Лойиҳа 15-18 ой давом этади.
- “Geo Ferma” лойиҳасини амалга ошириш натижасида буғдой ва пахта экинларини хариталаш орқали ҳосилдорликни назорат қилиш ва режалаштириш, экинларнинг ҳолатини мониторинг ва таҳлил қилиш, далалар электрон маълумотлар базасини шакллантиришга эришилади, – дейди “Ўзбеккосмос” агентлиги бошқарма бошлиғи Жасур Умаров.
Учрашувда лойиҳа ташаббускорлари иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди ҳамда лойиҳа бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилди.