Пилла етиштирувчига 50 та товуқ берилади
Президентимизнинг 2018 йил 4 декабрдаги қарори билан жорий йилдан республикамизда пиллачилик тармоғини ривожлантириш борасидаги муҳим вазифалар белгилаб берилганди. Жумладан, 2019 йилдан шартномада белгилангандан кўп ҳосил топширганда, 5 килограмгача ортиқча пилла учун харид нархига нисбатан 15 фоиз, 5 килограмдан юқори бўлган қисмига 25 фоиз миқдорида устама тўланиши белгиланган.
Вилоятимизда ҳам пилла боқувчиларни рағбатлантириш мақсадида 7500 хонадон танлаб олинди ва уларнинг ҳар бирига 50 донадан жами 375 минг дона 90 кунлик парранда ҳамда ҳар бир хонадонга 200 донадан жами 1 миллион 500 минг дона тут кўчатлари етказиб берилади. Хатловдан ўтказилган 6 минг 600 гектар тутзор вилоят "Агропилла" масъулияти чекланган жамияти ҳисобига доимий фойдаланиш учун берилди. Ушбу тутзорлар вилоятимиздаги 7 та пиллани қайта ишлаш корхонасига ижара асосида бепул фойдаланиш учун 5 йил муддатга ажратилди. Улар эса жорий йилда 705 минг долларлик 46 та қуртхона қуришлари белгиланди. Соҳадаги яна бир янгилик сифатида "Samarqand Tian Zhu Silk Worm" Хитой қўшма корхонаси ташкил этилганлигини айтиш мумкин. Бу янги корхона вилоятимизга хориждан келтириладиган наслли пилла қурти уруғининг маҳсулдор зотларини шу ернинг ўзида тайёрлашга хизмат қилади. Бунинг учун Жомбой, Паст Дарғом ва Самарқанд туманларидан корхона учун ер майдонлари ажратилиб, наслли уруғлик пилла тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
Хайрулла БЕРДИЕВ,
вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бўлим бошлиғи.