«Plov Party»: Мадридда ўзбекистонликлар гастрономик тадбир ўтказди

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон миллий таомлари, ўзбек халқининг бой маданий анъаналарини намойиш этишдан иборат эди.

Меҳмонлар палов тайёрлаш жараёнини томоша қилишди, шунингдек, бошқа машҳур миллий таомлар – сомса, шиш кабоб, қандолатчиликни татиб кўришга муяссар бўлди.

Қайд этиш керакки, «Plov Party» ҳар ой Испаниянинг Валенсия ва Барселона шаҳарларида ўтказиб келинади. Айнан шу шаҳарлардаги ўзбек ресторанларида ошпазларимиз Ғулом Турғунов ва Маъмура Набиева ишлайди. Тадбир шу қадар машҳур бўлиб кетдики, уни Испания пойтахти – Мадрид шаҳрида ўтказишга ҳам қарор қилинди.

Мадрид аҳолиси ва меҳмонлари орасидан 1000 дан ортиқ киши тадбир иштирокчисига айланди. Ҳамма паловнинг ҳайратланарли таъмидан мамнун бўлди, унинг катта қозонларда қандай тайёрланаётганини катта қизиқиш билан кузатди.

Фаол юртдошларимиз туфайли Ўзбекистон ва унинг гастрономик, маданий ва сайёҳлик салоҳияти Испания ва жаҳон ҳамжамияти эътиборини тобора кўпроқ ўзига жалб қилмоқда, дея хабар бермоқда Дунё АА.