Президент Администрациясининг ҳуқуқий мақоми белгиланмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
Қонун лойиҳаси Президент Администрациясининг давлат бошқаруви тизимидаги ўрни, ҳуқуқий мақоми ва фаолиятининг асосий йўналишларини конституциявий қонун даражасида белгилашга қаратилган.
Лойиҳада Администрация Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан шакллантирилиши, шунингдек, Администрацияга Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Администрация Раҳбари бошчилик қилиши белгиланмоқда.
Администрациянинг мақоми, фаолиятининг асосий принциплари, таркибий тузилиши ва фаолиятини ташкил этиш тартиби, унинг давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлари билан ўзаро алоқалари, Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари фаолиятининг кафолатлари аниқ белгилаб берилмоқда.