Профессионал таълим тизимининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинди

"Ўзбекистон Республикасида узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизимини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида" Ҳукумат қарори (466-сон, 07.08.2020 й.) қабул қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори билан Ўзбекистон Республикасида узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, профессионал таълим меҳнат бозоридаги кадрларга бўлган реал эҳтиёж, иш берувчиларнинг таклифлари ҳамда "Ҳаёт давомида таълим олиш" принципи асосида таълим олишга мўлжалланган.

Профессионал таълим тизимида кадрлар тайёрлаш касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумларда амалга оширилади.

Коллеж ва техникумларда кундузги, сиртқи ва кечки таълим шакллари жорий этилади.

Профессионал таълим муассасаларида қоидага кўра, гуруҳларда камида 12 нафар ва кўпи билан 30 нафар ўқувчи таҳсил олади.

Таълим дастурларини муваффақиятли битирганларга давлат намунасидаги диплом берилади.

Диплом олинган билим, кўникма ва малакаларни меҳнат фаолиятида қўллаш ҳуқуқини беради.

Меҳнат бозоридаги эҳтиёжлар, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун рақобатбардош кадрларни профессионал таълим босқичларини жорий қилиш орқали тайёрлаш ҳамда турли ёшдаги шахсларнинг “Ҳаёт давомида таълим олиш” принципи асосида таълим олишга бўлган талабларини қондириш профессионал таълимнинг мақсади этиб белгиланди.

Профессионал таълимнинг бир қатор вазифалари ҳам белгилаб қўйилди, жумладан:

- иш берувчиларнинг талаб ва таклифларига асосан кадрларга бўлган реал эҳтиёж асосида малакали мутахассисларни тайёрлаш;

- ахборот-коммуникация технологиялари бўйича амалий кўникмаларга эга бўлган кадрларни тайёрлаш;

- маҳаллий ва хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, малакали хорижий мутахассисларни жалб этиш;

- табақалаштирилган таълим дастурларини ҳамда ўқитишнинг кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий этиш;

- таълим олиш билан биргаликда ўқувчиларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича зарур билимларни бериш ва уларни келгусида ўз бизнесини ташкил этиши юзасидан методик қўллаб-қувватлаш ва бошқа вазифалар белгиланди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 466-сон қарори билан касб-ҳунар мактабларининг, коллежларнинг ҳамда техникумларнинг намунавий уставлари ҳам тасдиқланди.

Р.Файзиев,

Самарқанд вилояти касбий  таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари.