Қамоқда сақлаш жойларида ҳам сайлов участкалари тузилади
Сайловлар фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокининг муҳим шакли, сиёсий ҳуқуқларини рўёбга чиқариши, хоҳиш-иродасини эркин ифодалашини таъминлашга хизмат қиладиган сиёсий тадбирдир. Ушбу тадбирнинг қандай ўтиши эса табиийки, кўп жиҳатдан фуқароларнинг сиёсий маданияти ва фаоллиги, фуқаролик бурчини чуқур англашига боғлиқ. Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссияси 2019 йилнинг 20 октябридан 20 ноябригача мамлакатимизда “Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги”ни ўтказишга қарор қилди.
Қарор талабларидан келиб чиқиб, вилоятимизда ҳам хотин-қизлар, ёшлар, айниқса, биринчи марта овоз берадиган фуқаролар, нуронийлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ҳарбий хизматчилар, меҳнат жамоалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, умуман, аҳолининг барча қатламлари ўртасида, уларнинг сайлов жараёнида фаоллигини ошириш, сиёсий билим даражасини юксалтиришга қаратилган тарғибот ишлари олиб борилмоқда
Самарқанд шаҳрида жойлашган манзил колонияда ўтказилган тадбирда Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти, фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари ва сайлов жараёнида қонунийликни таъминлаш масалалари, шунингдек, сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказишда сайлов комиссияларининг тутган ўрни тўғрисида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, жорий йилги сайловлар янги қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ташкил қилинади. Ушбу ҳужжатга кўра, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларга сайловда иштирок этиш ҳуқуқи берилди. Сайловчилар рўйхатига ўзгартишлар киритиш сайловга уч кун қолганида тўхтатиладиган бўлди.
Ушбу ўзгаришларнинг ўзи муассасадаги маҳкумларнинг муҳим сиёсий тадбирда ўзларининг ҳуқуқларидан фойдаланиш имконини беради. Амалдаги тартибга асосан, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойлари сайлов участкалари округ сайлов комиссияси қарори билан тузилади. Бу сайлов участкалари улар жойлашган ҳудуддаги сайлов округларига киради.
Ориф МУҲАММАДИЕВ,
вилоят адлия бошқармаси масъул ходими.