Бош прокуратура қамоқхонада вафот этган маҳкум юзасидан баёнот берди
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармасининг 64/18-сонли муассасаси (Сангород)да қийноққа солинган маҳкум Ф.Хидиров вафот этганлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Бош прокуратура берган маълумотга кўра, маҳкум Хидиров Фаррух Анварович 2020 йил 3 июнь куни Навоий вилоятида жойлашган 11-сон жазони ижро этиш колониясидан даволаниш учун Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармасининг маҳкумлар учун ихтисослаштирилган касалхонасига келтирилиб, сил касалликлар бўлинмасига даволаниш учун жойлаштирилган.
2020 йил 18 июнь куни соат 05:45 да шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, у вафот этган.
Маҳкум Ф.Хидиров 1975 йил 27 ноябрда Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида туғилган. Муқаддам тўрт маротаба судланган.
Сўнгги, яъни 5-маротаба 2010 йил 18 октябрда жиноят ишлари бўйича Янгийўл шаҳар суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг қатор моддалари билан айбдор деб топилиб, 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, ўта хавфли рецидивист деб топилган.
Шифокорлар берган тиббий хулосага кўра, марҳум маҳкум Ф.Хидиров иккала ўпка яллиғланган сили, сурункали вирусли гепатит (С), ўпка юрак етишмовчилиги ҳамда бошқа бир қатор инсон ҳаёти учун ўта хавфли бўлган касалликларга чалинган бўлиб, уларнинг аксарияти унинг саломатлигига бир мунча аввалроқ жиддий салбий таъсир ўтказган.
Хусусан, унинг шифохонада вафотига юқорида кўрсатиб ўтилган инсон ҳаёти учун ўта хавфли касалликларнинг сурункали кучайиши оқибатида юзага келган асоратлар сабаб бўлган.
Маҳкум Ф.Хидировнинг ўлими ҳолати юзасидан Тошкент махсус прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, унинг вафот этганлиги ҳолатида бирор-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланмаганлиги сабабли 2020 йил 26 июнда жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Ўз навбатида, Ўзбекистон қонунчилигида ёлғон ва нотўғри ахборотларни тарқатганлик учун тегишли жавобгарлик белгиланганлигини, шунингдек, ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқлари қаторида мажбуриятларини ҳам тўлиқ англаб етиши лозимлигини билдириб ўтамиз.