Қаришга қарши 7 муҳим қоида
Дунё миқёсида касалликларни даволаш ва олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ошгани ва тиббиёт ривожланиши натижасида инсонларнинг ўртача умр кўриш ёши ортяпти. Ўзбекистонда бу ёш аёлларда ўртача 76, эркакларда 74 ёшни ташкил этмокда.
Самарқанд давлат тиббиёт университетида кореялик профессорлар ҳамда шаҳар ва туман эндокринологлари, эндокринология кафедрасида таҳсил олаётган талаба ва магистрлар, клиник ординаторлар ва олийгоҳ ўқитувчилари иштирокида «Қаришга қарши кураш» мавзусидаги илмий семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали бош шифокори Гулзода Негматова мамлакатимиз тиббиётига инновацион усулларни кириб келишига кенг йўл очилаётганлиги, тиббиёт университети ва кўплаб хорижий тиббиёт муассаса ҳамда ОТМлари билан ҳамкорликни кенг йўлга қўйилаётганлиги, ушбу тадбирлар юқори малакали мутахассислар тайёрлашда муҳим эканлиги ҳақида гапирди. Семинарда Сеул Миллий Университети профессори О.Бомджо ҳам маъруза қилди.
- Аксарият 60 ёшдан ошган кексалар саломатлигидаги муаммолар туфайли мунтазам дори-дармон қабул қилади ёки сурункали касалликлар туфайли ногиронлик ҳолатлари кузатилади, - деди кореялик олим. - Кексалик ёшида ҳам соғлом ҳолда яшаш ва узоқ умр кўриш учун 7 та асосий қоидага риоя этиш зарур. Булар - соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик (ҳафтада 3 марта), суткасига 7-8 соат ухлаш, тамаки маҳсулотларини истеъмол қилмаслик, спиртли ичимлик ичмаслик, тана вазнини меъёрда сақлаш, ҳар куни эрталаб нонушта қилиш.
Семинар сўнгида қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Шунингдек, меҳмонлар Самарқанд давлат тиббиёт университети раҳбарияти билан учрашиб, ҳамкорликнинг истиқболларини муҳокама қилди.
Шундан сўнг Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида кореялик шифокорлар томонидан шифохонада даволанаётган беморлар ва 40 ёшдан ошган соғлом аҳоли учун интерактив машғулотлар ташкил этилди. 110 нафар беморга тиббий кўрик натижасига кўра керакли тавсиялар берилди.