Шинжон тиббиёт университети ректорига СамДТУ фахрий профессори унвони берилди
Бундан бир неча йил аввал Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳамда Хитойнинг Шинжон тиббиёт университети ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган эди. Кеча, 29 март куни Шинжон тиббиёт университети делегацияси Самарқанд давлат тиббиёт университетига ташриф буюрди.
Улар орасида университет ректори, профессор Ҳажи Акбер Аиса, Уйғур автоном райони соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Юй Айпин ҳамда бир гуруҳ соҳа вакиллари бор.
Ташриф давомида Хитой делегацияси Самарқанд давлат тиббиёт университетидаги таълим тизими билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, икки олийгоҳ ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув сўнгида Шинжон тиббиёт университети ректори Ҳажи Акбер Аисага «Самарқанд давлат тиббиёт университети фахрий профессори» унвони топширилди.
Якунда сўзга чиққанлар ўзаро ҳамкорликнинг таълим тизимида муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳақида сўз юритиб, келгусида истиқболли лойиҳалар амалга ошириш бўйича келишиб олдилар.