Россия ва АҚШ Украина масаласини яширинча муҳокама қилишган. Яна Хитой, яна коронавирус... Қозоғистонлик журналистларга 145 минг долларлик тендер. Фаластинликларни қўллаган талабага депортация

🔹 "Reuters"да айтилишича, 2024 йил ноябрь ойидан бери Россия ва АҚШ расмийлари Швейцарияда Украинадаги урушни муҳокама қилиш учун яширин учрашувлар ўтказган. Учрашувлар сўнгги ойларда, жумладан, ўтган ҳафтада бўлиб ўтган ва норасмий бўлган. Музокаралар можарони муҳокама қилиш учун “қўшимча канал” сифатида тасвирланади.

🔹 Хитойда кўршапалакларда одамга юқиши мумкин бўлган янги коронавирус аниқланди. Вирус биринчи марта Гонконгда япон пигми кўршапалакда аниқланган. У HKU5-CoV-2 деб номланган. Вирусологларнинг таъкидлашича, у одамларга худди COVID-19 каби юқиши мумкин. Янги пандемия хавфи йўқ, аммо чуқурроқ тадқиқот зарур.

🔹 АҚШ Давлат департаменти Қозоғистон оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш учун 50 минг доллардан 145 минг долларгача грантлар ажратган ҳолда тендер эълон қилди. Асосий мақсадлардан бири Қозоғистон оммавий ахборот воситалари фаолиятидаги рақамли бўшлиқни бартараф этишдир.

🔹 Фаластинликларни қўллаб-қувватлаш учун намойишларда қатнашган Америка университетларининг чет эллик талабалари муаммоларга дуч келиши мумкин. Доналд Трампнинг биринчи фармойишларидан бирига кўра, антисемитизм ёки терроризмни қўллаб-қувватловчи ҳаракатларда иштирок этганлар тергов, чиқариб юбориш, визани узайтирмаслик ёки депортация қилиниши мумкин.

🔹 Аргентина президенти Хавер Майли Илон Маскга мамлакатнинг шок иқтисодий ислоҳотлари рамзига айланган бензин билан ишлайдиган арра совға қилди. Унда испан тилидан “Яшасин эркинлик, жин урсин” деб ёзилган. Маск совғани жуда қадрлади ва асбобни силкита бошлади: "Бу бюрократияга қарши кураш учун аррадир".

🔹 Санкт-Петербургдаги машҳур “Крести” қамоқхонаси кимошди савдосида 1,136 миллиард рублга сотиб олинди. Қамоқхонанинг янги эгаси тарихий бинони ўзгартиришни, музей, меҳмонхона, ресторанлар, санъат галереялари очишни режалаштирмоқда.

🔹 Республикачи конгрессменлар АҚШни БМТдан бутунлай чиқариб юбориш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этишди. Қонун лойиҳасида ташкилот ва унинг идораларини молиялаштиришни тўхтатиш, шунингдек, тинчликпарвар миссияларда иштирок этишни тақиқлаш таклиф этилган.

🔹 Германиянинг янги канцлери ким бўлади? Бу 23 февраль куни бўлиб ўтадиган парламент сайловларида маълум бўлади. Канцлер лавозимига амалдаги етакчи Олаф Шольц ва яна уч номзод даъвогарлик қилмоқда.

🔹 Уч йил ичида Украина билан урушда 95 мингдан ортиқ рус аскари ҳалок бўлди. Бу рақамларни "Медиазона" ва "ББC рус хизмати" келтирган.

🔹 Миср 100 йил ичида биринчи марта фиръавн қабрини топди. Бу кашфиёт Луксор шаҳри ғарбидаги Тебан тоғларида қилинган. Тадқиқотчилар қабр Қадимги Миср фиръавнларининг 18-сулоласидан (тахминан милоддан аввалги 1492–1479 йилларда ҳукмронлик қилган) Тутмос II га тегишли деб тахмин қилмоқда.

Г.Холдорова тайёрлади.