Халқаро кучлар Ғазода: тинчликка қадамми ёки янги хавф-хатар манбаи?

БМТ Хавфсизлик Кенгаши АҚШ томонидан таклиф этилган Ғазода Халқаро стабиллаштириш кучларини (ХСК) жойлаштириш режасини маъқуллади.

Резолюция Трамп маъмуриятининг ҲАМАСни қуролсизлантириш, секторни демилитаризация қилиш ва минтақада янги бошқарув тартибини ўрнатишга қаратилган янгиланган сиёсий режасига тескари. Лойиҳага кўра, Ғазога асосан мусулмон мамлакатларидан иборат ҳарбий контингент киритилиши, улар эса оташкесимни назорат қилиш, хавфсизликни таъминлаш ва ҲАМАСни қуролсизлантириш вазифасини бажариши керак бўлади. Шунингдек, Ғазода технократлар ҳукумати ташкил этилиб, унинг фаолияти АҚШ таъсиридаги қандайдир “Халқаро тинчлик Кенгаши” томонидан мувофиқлаштирилади. Инфратузилмани тиклаш ишларини маҳаллий мутахассислар амалга ошириши, молиявий маблағлар эса бой Араб давлатлари томонидан ажратилиши назарда тутилган.

Аммо режанинг амалга оширилиши бир қатор жиддий муаммоларни юзага келтиради. Биринчи навбатда, ХСКнинг ваколатлари аниқ белгилаб қўйилмагани уларнинг можаро ўртасида номуайян шароитда қолишига сабаб бўлади. Қўшинлар АҚШ сиёсатига боғлиқ бўлган структурага бўйсуниши, амалдаги қарорлар Вашингтон манфаатларига мос тарзда қабул қилиниши мумкинлигини англатади. Шунингдек, ХСК Исроил билан яқин ҳамкорлик қилишга мажбур бўлади, бу эса уларни можаронинг бир томони сифатида кўрсатиб қўйиши хавфини оширади.

Исроил халқаро кучлардан Ғазодаги ҳарбий инфратузилмани — тоннеллар, омборлар ва ракеталар ўқ отиш нуқталарини — тўлиқ йўқ қилишни талаб қилмоқда. Бундай вазифалар халқаро контингентни жуда хавфли операцияларга тортади. Бир вақтнинг ўзида ҲАМАС БМТ резолюциясини рад этиб, қуролини топширишдан бош тортди. Демак, ХСК миссиясининг амалга ошиши қийин, чунки бир томонда Исроилнинг қаттиқ талаблари, иккинчи томонда эса ҲАМАСнинг кескин қаршилиги.

Минтақадаги нотинч вазият халқаро кучларни ҳар лаҳза можарога тортиб кетиши мумкин. Агар ХСК ҲАМАСга қарши ҳаракат қилса, улар Исроил билан бир тарафда тўғридан-тўғри иштирокчига айланади. Агар аралашмасликка уринса, Исроилнинг навбатдаги ҳарбий амалиётлари давомида улар ўқ остида қолиши эҳтимоли катта. Бундай вазиятда миссия иштирокчилари нафақат ҳарбий, балки сиёсий хавфга дуч келади: маҳаллий аҳоли уларни ҳимояни таъминлай олмаган куч сифатида қабул қилиши мумкин.

Шу билан бирга, АҚШнинг Исроилга чекланмаган дипломатик ёрдами ва ҳимояси Трамп маъмурияти даврида кескин кучайгани минтақада ҳар қандай халқаро кучлар фаолиятини янада мураккаблаштиради. Баъзи давлатлар, хусусан, Саудия Арабистони бу лойиҳани қўллаб-қувватлаш эвазига "F-35" самолётлари ва ядро энергетикаси бўйича ҳамкорлик каби стратегик имтиёзлар олиши мумкин. Бироқ бундай фойда сиёсий ва ҳарбий хатарлар билан солиштирганда анча тор доирадаги манфаат ҳисобланади.

Мавжуд вазиятда ХСКнинг Ғазода жойлаштирилиши тинчликка олиб келадими ёки можарони янада чуқурлаштирадими? Бу ҳозирча очиқ савол бўлиб қолмоқда. Кескинлик, манфаатлар зиддияти ва ҳар икки томоннинг муросадан узоқ тургани халқаро миссияни жуда хавфли, сиёсий жиҳатдан оғир ва амалий бажарилиши қийин лойиҳага айлантирмоқда.

Г.Холдорова тайёрлади.