Самарқанд аэропортида йўловчилар оқими икки баравар кўпайди
2023 йилда Самарқанд халқаро аэропортида йўловчилар оқими икки баравар кўпайган.
Ўтган йили аэропортни бошқарувчи "Air Marakanda" хусусий компанияси 1,01 миллион йўловчига хизмат кўрсатган бўлиб, бу 2022 йилга нисбатан 2,05 баравар кўп. Бу Самарқандга тўққизта янги авиакомпания парвозлари йўлга қўйгани билан боғлиқ. Уларнинг бештаси хорижий авиакомпаниялардир. Jazeera Airways, «Победа», Panorama Airways, China Southern, Silk Avia, Humo Air, Centrum Air, SunExpress ва UVT Aero компаниялари шулар жумласидан. Самарқанддан Москва, Истанбул, Санкт-Петербург, Абу-Даби ва Дубай шаҳарларига қатновчи парвозлар энг машҳур йўналишлардан бўлди.
Халқаро авиаташувчилар 918,5 минг йўловчини ўз манзилига етказган бўлса, ички йўналишлардан фойдаланганлар сони 92,3 кишини ташкил этди. Тошкент шаҳри мамлакат миқёсида энг кўп парвоз амалга оширилган шаҳар бўлди.
Ҳозирда Самарқанд халқаро аэропортида 7 та ички ва 21 та халқаро йўналишлар бўйича авиапарвозлар амалга оширилади. Ўтган йили ушбу ҳаво бандаргоҳидан самолётлар биринчи марта Тель-Авив, Урумчи, Жидда, Қувайт, Измир, Минеральные Воды, Уфа, Самара ва Урганчга парвоз қилган.