Самарқанд шаҳридаги мактабларда қандай муаммолар бор?
Самарқанд шаҳридаги 65-умумий ўрта таълим мактабида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зебинисо Шодиева шаҳардаги мактаблар ва ўқитувчилар муаммолари, ота-оналарнинг мурожаатларини эшитиш мақсадида сайёр қабул ўтказди.
- Фарзандим 2015 йилнинг январь ойида туғилган, уни шу йил мактабга бермоқчиман, аммо мактабга қабул қилмаяпти, - деди Феруза Нажибаева. – Шу масалада амалий ёрдам берсангиз.
- Янги тартибга кўра, бу йил 1-синфга етти ёшга тўлган, 2014 йилнинг 1 январидан 31 декабрига қадар туғилган болалар қабул қилинади, - деди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи. - Шунинг учун сизнинг фарзандингизни 1-синфга қабул қилолмаймиз. Мактабга қабул бўйича электрон платформа яратилган, унга бола ҳақидаги маълумотлар жойлангач, унинг ёши кичиклиги маълум бўлади. Шунинг учун сиз ҳозирча болангизни мактабга тайёрлов курсларига беринг.
Самарқанд шаҳри мактабларининг энг оғриқли муаммоси бола сони мактаб сиғимидан ортиқлигидир. Сайёр қабулда айрим мактаб директорлари шу масалани кўтариб чиқди. Масалан, 48-умумий ўрта таълим мактаби директорининг айтишича, мактаб 1000 ўринга мўлжалланган. Унда қарийб 2500 ўқувчи таълим оляпти. Синфлар етишмагани боис 300-450 нафар ўқувчи 49-умумий ўрта таълим мактабига бориб ўқишга мажбур бўлмоқда. Мактаб ҳовлисида қўшимча бино қуриш учун жой бор, агар маблағ ажратилиб, қўшимча бино қурилса, ушбу муаммо ҳал бўлади.
Сайёр қабулда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғига 23 та мурожаат тушди. Шундан 4 таси ижобий ҳал этилди, 11 та мурожаат бўйича тушунтириш берилди. Мурожаатларнинг асосий мазмуни болани мактабга жойлаштириш, мактабдан мактабга кўчириш, қурилиш таъмирлаш ишлари ва қўшимча бино ҳамда спорт залларига эҳтиёж ҳақида бўлди.
Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи янги ўқув йили бошлангунига қадар барча туманларда сайёр қабуллар ўтказишни режалаштирган.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.