Самарқанд вилояти энергетика тизими кенг кўламда модернизация қилинади
Вилоят ҳокими Адиз Бобоев тақсимловчи электр тармоқларини бошқариш бўйича халқаро тендерда ғолиб бўлган Туркиянинг «Aksa Enerji» компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди. 30 йиллик келишув доирасида инвестор вилоят энергетика инфратузилмасига 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция йўналтиради.
Лойиҳа қуйи кучланишли электр тармоқларини лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш, эксплуатация қилиш ва техник хизмат кўрсатишдан иборат барча жараёнларни қамраб олади. Туркия томонидан тармоқларнинг энг муҳим участкалари бўйича аудит ишлари якунланиб, 440 та лойиҳа ишлаб чиқилган. Шунингдек, вилоят бўйича 1 000 та трансформаторни янгилаш, эскирган электр устунлари ва тармоқларни алмаштириш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, зарур мобил генераторлар ва махсус техникаларни харид қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.
Учрашувда куз-қиш мавсумига кўрилаётган тайёргарлик масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Вилоят ҳокими аҳоли учун қиш мавсумини муаммосиз ўтказиш мақсадида барча ишларни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлаб, мавжуд масалаларни ҳал этишда тўлиқ кўмак кўрсатилишини билдирди.
Учрашув якунида Адиз Бобоев мазкур лойиҳанинг стратегик аҳамиятини таъкидлади. Лойиҳанинг амалга оширилиши электр таъминотидаги узилишларни минималлаштириш, энергия йўқотишларини камайтириш ҳамда углерод чиқиндиларини қисқартириш имконини беради.