Самарқандда имзо тўплаш жараёни давом этмоқда

Мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар сайлови учун бошланган сайлов кампанияси қизғин давом этмоқда. Шу кунларда сайловда иштирок этишга рухсат берилган сиёсий партиялар томонидан бу жараёнда уларни қўллаб-қувватловчи тарафдорларнинг имзолари йиғилмоқда.

«Миллий тикланиш» демократик партияси Самарқанд вилоят, туман ва шаҳар  Кенгашлари ҳам бу борада фаоллик билан иш олиб боряпти.  Имзо йиғиш жараёнида фидойи ва ташаббускор партия аъзолари кучига таянилмоқда.

Булунғур тумани «Булунғур-сандвик» агросаноат фирмасида ўтказилган тадбир олдидан дастлаб партия фаоллари сайловчиларга мазкур жараённинг моҳияти хусусида тушунча беришди.

Сиёсий партия сайловда номзод кўрсатиш ваколатига эга бўлиши учун амалдаги қонунчилигимизга мувофиқ белгиланган миқдорда сайловчиларнинг имзосини тўплаши керак. Айни жараён сайлов компаниясининг илк босқичлардан бири эканлиги алоҳида  таъкидланиб, уни белгиланган вақтда, бехато бажариш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Масаланинг моҳиятини яхши англаган корхона ишчилари имзо тўплаш жараёнига алоҳида масъулият билан ёндашиб, ўз фуқаролик позициясини намоён этдилар.

Жойлардаги бошланғич партия ташкилотлари раислари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, партиянинг «Аёллар қаноти» ва «Ёшлар қаноти» атрофида бирлашган фаол аъзоларининг  ҳамжиҳатликда олиб бораётган саъй-харакатлари туфайли вилоятда имзо йиғиш жараёни янада жадаллашяпти.

"Миллий тикланиш" демократик партияси   вилоят Кенгаши ахборот хизмати.