Самарқандда пора олиш ва мансаб ваколати доирасидан чиқиш билан айбланган собиқ ИИБ ходимига 100 миллион сўмдан кўпроқ тўланадиган бўлди
Аввалроқ ҳам шунга ўхшаш бир неча ҳолат ҳақида айтилганди. Бироқ вилоят МИБдан бу тўловлар амалга оширилгани ёки йўқлиги ҳақида хабар берилмаган.
Бу гал ҳам вилоят судининг судьяси А.Акрамов раислик қилган суд мажлисида собиқ ходим ИИБ ходимининг тўланмай қолган иш ҳақларини ундириш ҳақида ажрим чиқарилган. Ажрим ижросини таъминлаш, яъни 134 131 206 сўмни тўлаб бериш вилоят молия бош бошқармаси зиммасига юклатилган.
Иш ҳужжатларига кўра, Б.П. судлангунга қадар Самарқанд вилоят ИИБ жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бўлимининг киссавурлик жиноятларига қарши курашиш бўлинмаси тезкор вакили ёрдамчиси вазифасида ишлаб келган.
2011 йил 4 августда жиноят ишлари бўйича вилоят судининг ҳукми билан 3 йил муддатга ИИВ тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 5 йил 9 ой 14 кун озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 200 баравари, яъни 1 880 000 сўм жарима жазолари тайинланган. У Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 3-қисми “б” банди ва 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “в” банди билан айбланган.
Тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси Олий Мажлис Сенатининг 2006 йил 30 ноябрь ҳамда 2007 йил 30 ноябрдаги “Амнистия тўғрисида”ги қарорларига асосан учдан бир қисмига қисқартирилган.
2022 йил 29 сентябрда Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ҳукми билан П.Б. айблаш ҳақидаги ҳукм бекор қилиниб, айбсиз деб топилган ва оқланган.
Ажримда П.Б.нинг бошқа моддий ва маънавий зарарларини ундириш юзасидан асослантирувчи ҳужжатларини тақдим қилган ҳолда, келгусида фуқаролик тартибида судларга мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги тушунтирилган.