Самарқандда “UzAutoTrailer” компанияси “КАМАЗ” билан ҳамкорликда янги йиғув линиясини ишга туширди
26 ноябрь куни Самарқанддаги “UzAuto Trailer” компанияси Россиянинг “КАМАЗ” ишлаб чиқариш акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда янги – “КАМАЗ” автомобилларининг шассисини йиғиш линиясини расман ишга туширди.
Тантанали маросим Татаристон Республикаси Президенти Рустам Миннихоновнинг мамлакатимизга ишчи ташрифи доирасида ўтказилди.
Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ва Татаристон Республикаси Президенти Р.Миннихонов Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари кейинги йилларда тобора мустаҳкамланиб бораётганини қайд этиб, мазкур лойиҳа ана шу алоқалар маҳсули эканлигини таъкидлади.
Янги йиғув линияси умумий майдони 7,4 минг квадрат метр бўлган янги ишлаб чиқариш корпусида ташкил этилган. Линия замонавий технологик ва ёрдамчи жиҳозлар билан таъминланган, улар йилига 3 000 донадан ортиқ юк машиналарини ишлаб чиқариш имконини беради. Корпусда шунингдек, газ-баллон жиҳози ишлаб чиқариш ва “КАМАЗ” шассисига ўрнатиш участкаси ҳам ташкил этилган.