Самарқанддаги клиника Жиззахда тиббий кўрик ўтказди

Самарқанд давлат тиббиёт университети 2-клиникаси (собиқ Самарқанд болалар хирургия маркази) бош врачи бошчилидаги мутахассислар кеча Жиззах вилоятининг Бахмал туманида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказди.

Туманнинг олис қишлоқларидан туман марказий поликлиникаси ва Бахмал қишлоғидаги 3-сонли оилавий поликлиникага таклиф этилган болаларни клиниканинг юқори малакали врачлари кўрикдан ўтказиб, зарур тавсиялар берди.

– Президентимизнинг тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқоти ва яқинда тиббиёт соҳасига бағишлаб ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар асосида нафақат Самарқанд, балки қўшни вилоятлардаги олис аҳоли манзилларида бўлиб, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарғиботини олиб боряпмиз, болаларни кўрикдан ўтказяпмиз, – дейди Самарқанд давлат тиббиёт университети 2-клиникаси бош врачи Жамшид Шамсиев. – Бахмалдаги тиббий кўригимиз шундай тадбирларнинг навбатдагиси бўлди. Кўрик давомида асосий эътибор хирургик касалликлари ва туғма нуқсонли болаларни аниқлашга қаратилди. Жарроҳ, невролог, стоматолог, педиатр, УТТ мутахассиси, болалар гинекологи, кардиолог сингари мутахассисларимиз томонидан 632 нафар бола кўрикдан ўтказилди. 68 нафар болада турли хирургик касалликлари аниқланиб, уларни клиникамизда соғломлаштириш юзасидан ота-оналарига тавсиялар бердик.