Ўқитувчилар тиббий кўрикдан ўтяптими? Ёхуд йилларки ишламайдиган тартиб ҳақида
- Э, қуриб кетсин, шартмикан шу?!
- Вой, дадаси, ҳамма берибди, битта мен қолибман.
Аслида бу суҳбат бехосдан қулоғимга чалингани билан бугун ёки биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Гап шундаки, ўқув йили бошланишидан олдин ўқитувчилар, умуман, барча педагог ходимлар тиббий кўрикдан ўтади. Масала шу қадар муаммолики, аммо масъуллар негадир барчаси хўжакўрсин эканлигини билгани ҳолда ҳолатни жим кузатиш билан чекланмоқда.
Сифатга врач жавобгар
Қуйидаги саволга ўқитувчи тугул, ҳатто директорлар ҳам тайинли жавоб беролмайди: ўзи педагог ходимлар тиббий кўрикда қайси турдаги текширувлардан ўтиши керак?
Қоидага кўра, тиббий кўрикни ўтказувчи даволаш-профилактика муассасаси раҳбарининг буйруғи билан тиббий комиссия ташкил этилади.
Комиссия таркиби врач-терапевт, невропатолог, офтальмолог, дерматовенеролог, оториноларинголог, психиатр, акушер-гинеколог, жарроҳ ҳамда бошқа мутахассислардан иборат бўлиши керак. Бундан ташқари, лаборатория текширувида флюорография, гелментларни аниқлаш учун нажас таҳлили, гонококкларга текшириш, РШ га қон текшириш таҳлили талаб қилинади.
Ва асосийси, тиббий кўрикнинг сифатли ўтказилишига тиббий кўрикдан ўтказувчи даволаш-профилактика муассасасининг раҳбари жавобгар ҳисобланади.
Иш берувчилар эса ўз ходимларининг мажбурий тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтиши учун ва мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган шахсларни ишга қўйиш натижасида фуқароларнинг соғлиғига етказилган зарарли оқибатлар учун жавобгар бўлади.
Қандай ва нега ташкил қилинади?
Меҳнат кодексининг 501-моддасида педагог ходимлар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланган.
Унга кўра, умумий ўрта таълим ташкилотларининг, мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг болаларни ўқитиш ёки тарбиялаш билан бевосита шуғулланувчи педагог ходимлари ва бошқа ходимлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган тартибда дастлабки тарзда (ишга қабул қилиш чоғида) ва даврий (иш жараёнида) мажбурий тиббий кўриклардан ўтади.
Вазирликнинг 2012 йил 10 июлдаги "Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 200-сонли буйруғи тасдиқланган. Бунда иш берувчи, ҳудудий СЭОМ, ташкилотнинг касаба уюшма қўмитаси ва тиббиёт муассасаларига бир қатор вазифалар белгиланган. Хусусан, иш берувчи, яъни директор ҳудудий СЭО ва мактаб касаба уюшмаси қўмитаси билан биргаликда календарь йилнинг 1 декабригача тиббий кўрикдан ўтказилиши шарт бўлган ходимларнинг рўйхатини тузади ва тиббий кўрикни ўтказувчи даволаш-профилактика муассасасига тақдим этади.
Шундан кейин тиббий кўрикни ўтказувчи даволаш-профилактика муассасаси раҳбари томонидан ҳудудий СЭОМ бўлими билан келишилган ҳолда тиббий кўрикдан ўтказишнинг календарь-режасини тузади.
Савол туғилади: таълим масканларида ходимлар рўйхати тузилганмикан? Даволаш профилактика муассасаларидаги календарь-режа-чи?
Ўтмаса, нима бўлади?
"Таълим тўғрисида"ги Қонуннинг 46-моддасига асосан, педагоглар тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтиши шарт. Яъни, аслида тиббий кўрикдан ўтмаган педагог бундай фаолият билан шуғулланиши, болаларга дарс бериши мумкин эмас.
Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирининг 2021 йил 19 октябрдаги 31-сонли буйруғи билан “Мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ёхуд атрофдагиларга сил касаллигини юқтириш хавфи мавжуд бўлган шахсларнинг бажариши рухсат этилмайдиган ишлар рўйхати” тасдиқланган.
Айрим тоифадаги ходимлар мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган бўлса ёки сил касаллигини юқтириш хавфи бўлса, ишга қўйилмайди. Хусусан:
- мактабгача таълим ташкилотлари ва болалар уйларида болалар билан бевосита мулоқотда бўлган ҳолда бажариладиган ишлар;
- мактабгача ёшдаги болаларга хизмат кўрсатиши мумкин бўлган таълим ва спорт муассасаларида, шунингдек, ушбу мақсадларда ташкил этилган тўгаракларда болалар билан бевосита мулоқотда бўлган ҳолда бажариладиган ишлар.
Демак, тиббий кўрикдан ўтмаган педагог ходим ўзи яратган “муаммо”дан азият чекиши мумкин. Шундай бўлгач у нима қилади, тиббий кўрикдан ўтиш “йўли”ни излайди.
Гарчи, Меҳнат кодексининг 360-моддасида “ходимлар мажбурий тиббий кўриклардан ўтиши муносабати билан чиқимдор бўлмайди”, деб белгиланганини билса-да, шундай йўл тутади.
Бу ҳолатдан бехабар раҳбар бор, дейсизми?
Мутасаддиларга саволлар...
Ҳолат шундай эканлигини билмайдиган мутасадди бор ҳам дейлик.
У қизиқиб кўрганмикан, мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотларида ишлаётган минглаб ходимлар дастлабки ва иш давомидаги бепул тиббий кўрикдан ўтказиляптими? Бу саволга педагог ходимларнинг шунча фоизи ҳақиқатда тиббий кўрикдан ўтказилган, деб жавоб бера оладими?
Бундан ташқари, бир йилда қанча педагог ходимда юқумли касаллик аниқланган? Қанча муаллимга саломатлигидаги нуқсон учун республика, борингки, вилоят даволаш-профилактика муассасаларига йўлланма - ордер берилган? Борми, статистикаси?
Тиббий кўрик натижалари бўйича қанча педагог ходимга саломатлигини мустаҳкамлаши учун санаторийларга йўлланма берилган? Ахир шундай масканлар учун энг кўп устоз-мураббийлар ҳисобидан маблағ кетяпти-ку.
Ахир бу соҳа вакиллари жамиятимизнинг муҳим бир қатламини ташкил қилади. Улар ўз вақтида доимий кўрикдан ўтиб, заруратга кўра, вақтида даволаниб борса, бу ҳар томонлама фойдали эмасми?
Ўзингизни алдаманг!
Тартиб ва тизим ишламаяпти
Барча ҳуқуқий механизмлар яратилган. Унинг айнан қайси соҳаси ишламаётгани ортидан келажагимиз эгалари таълимига масъул бўлган соҳа вакилларининг ҳуқуқи бузилаётганини ҳам яхши биласиз.
Масалан, қонунчиликда тиббий кўрик учун "ходимлар чиқимдор бўлмайди" дегани билан бу тадбирларнинг чиқими бюджетдан қоплаб берилмайди, ҳар йилги бюджет харажатлар сметаларига киритилмайди.
Шундай экан, ишчи ва хизматчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш масаласи билан қоғозда эмас, амалда ишлаш зарур. Бунга масъуллар эса ҳолатни чуқур ўрганиб, муаммоларни аниқлаши ва уларни тизимлаштириб, ечими бўйича ишлашлари шарт.
Ўйлаймизки, бу чиқишимиз, вилоят мактабгача ва мактаб таълими ҳамда соғлиқни сақлаш бошқармаси, касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгашини бефарқ қолдирмайди. Улар, албатта, ўз сўзини айтади.
Ёқубжон МАРҚАЕВ.
***
Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.