Самарқандлик талабалар нуфузли танловда ғолиб бўлди

“Мирзо Улуғбек ворислари” танловининг республика босқичи ўз якунига етди.

Унда 280 нафар иқтидорли ёшлардан 100 нафари ғолиб деб топилди. Уларнинг 4 нафари Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти талабаларидир.

Танловда институтнинг доривор ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлаш технологияси таълим йўналиши 3-босқич талабаси Азимжон Ҳамроев ўзининг “BIOFOOD CHICKEN” - паррандалар учун биологик тоза, омухта ем маҳсулоти стартап лойиҳаси билан қатнашган бўлса, иқтисодиёт таълим йўналиши 1-босқич талабаси Жасмина Хуррамова “Қурилиш чиқиндилари (гипс)дан миллий декоратив идишлар ясаш”, биоиқтисодиёт таълим мутахассислиги 1-босқич магистранти Ҳусниддин Сафаров “Farm-water-technology” - фермер хўжаликлари учун мўлжалланган сув сарфини ўлчовчи инновацион қурилма, агрокимё ва агротупроқшунослик таълим йўналиши 2-босқич талабаси Нилуфар Райимбердиева “Superfood” – амарант унини истеъмолга киритиш номли стартап лойиҳалари билан иштирок этди.

Бугун институтда “Мирзо Улуғбек ворислари” танловининг республика босқичида ғолиб бўлган ихтирочи ёшларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Институт ректори олийгоҳ талабаларининг танловдаги иштирокини таҳлил қилди.

- Туман босқичида 61 нафар, вилоят босқичида эса 11 нафар талабамиз ғолиб бўлишган эди, - деди ректор Ш.Ҳасанов. - Республика босқичида 4 нафар ёшларимиз Мирзо Улуғбек ворислари дея тан олинди. Мана шундай ёшлар бошқаларга намуна ва илмий изланувчанликка рағбат бўлиб хизмат қилса ажаб эмас. Зеро, институт ҳали қанчадан-қанча жамият учун муҳим бўлган муаммолар, масалаларга ўзига хос ечим таклиф берадиган стартап ғояларни шундай танловлар орқали ўртага ташлай олади.

Танловда ғолиб бўлган талабаларга институт томонидан эсдалик совғалари топширилди, илмий раҳбарлар моддий рағбатлантирилди.