Самарқандлик врач сколиозни даволашда тожикистонлик ҳамкасбларига кўмаклашмоқда
Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди доцент Саидқосим Пардаев умуртқа поғонаси касалликларини даволаш бўйича бой тажрибага эга мутахассис ҳисобланади. Олим шу пайтгача ушбу йўналиш бўйича бир қатор ихтиро ва илмий ишланмаларга патент олган, халқаро даражада эътироф этилган.
Кейинги йилларда юртимизда тиббий туризмни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилгани сабабли С.Пардаев раҳбарлик қилаётган бўлим ва хусусий клиникада бошқа давлатлардан ҳам беморлар келиб саломатлигини тикламоқда, дардларига даво топяпти.
Жумладан, қўшни Тожикистон республикасидан келаётган беморлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.
– Умуртқа поғонаси билан боғлиқ хасталикка чалинган беморларнинг ҳаммаси ҳам Самарқандга кела олмайди, – дейди С.Пардаев. – Шу сабабли тожикистонлик ҳамкасбларимиз таклифига кўра, айрим беморларни даволаш, уларда жарроҳлик амалиётини бажариш учун қўшни давлатга бориб тиббий хизмат кўрсатяпмиз. Шунингдек, уларга ўз тажрибаларимизни ўргатяпмиз.
Дарвоқе, Тожикситон Республикаси соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги С.Пардаевга ушбу мамлакатдаги исталган шифохонада жарроҳлик амалиётини ўтказиши ва сколиоз касаллигини даволаш бўйича мактаб яратиши учун имконият яратиб берган. Яқинда мазкур вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирига мактуб юборилиб, унда ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирилган.