Юрак-қон томир касалликлари аниқланган ва «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»да бўлган 200 мингдан зиёд аҳолига эналаприл дори воситаси бепул тарқатилади
2021 йил 9 ноябрь куни мамлакатимиз раҳбари томонидан ўтказилган кардиология соҳасига бағишланган видеоселектор йиғилишида амалга оширилган ишлар, соҳанинг долзарб муаммолари, келажакдаги ишлар муҳокама этилганди.
Бунинг натижасида 2022 йил 26 январда “Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Алоҳида таъкидлаш керак, 2017 йилда соҳага қаратилган эътибор ҳамда қабул қилинган қарорлар туфайли вилоятимизда кардиология соҳасида кескин ўзгаришлар амалга оширилди. Замонавий жиҳозлар келтирилиши баробарида хорижда фаолият юритган шифокорлар жалб этилди. Натижада юрак билан боғлиқ мураккаб операциялар Самарқандда амалга оширила бошланди. Катталар хирургияси билан бир қаторда болалар кардиохирургияси йўлга қўйилди.
Президент қарорида, эндиликда ушбу хизматларни туман миқёсида ҳам кўрсатиш мўлжалланган. Жумладан, вилоятдаги барча туман тиббиёт бирлашмаларида 20 ўринли кардиология филиаллари ташкил этилади. Ушбу филиалларга 5 турдаги асбоб-ускуналар, замонавий эхокардиограф, холтр монитор, ЭКГ, дефибрелятор, қоннинг қуюқ-суюқлигини ўлчайдиган асбоб берилади.
Операциядан ташқари бўлган юрак хасталикларини эндиликда туман шифохоналарида ҳам даволаш имконияти яратилади.
Табиийки, ўз-ўзидан “Филиаллар ташкил этилар, аммо шифокорлар масаласи қандай ҳал этилади?”, деган савол пайдо бўлади. Бунда врачлар ротациясини йўлга қўймоқчимиз. Яъни, филиал врачини икки ойлик хизмат сафари билан туманга жўнатамиз ва тумандаги кардиолог шифокор вилоят марказида келиб ишлайди. Улар бу ерда фаолият кўрсатиш билан бир қаторда малака оширади ҳамда кейинчалик бемалол ўз ҳудудидаги кардиология бўлимида малакали тиббий хизмат кўрсатиш имконига эга бўлади.
2021 йилда 8 нафар мутахассисларимиз хорижда малака ошириб қайтган бўлса, 2022 йилда ҳам бир гуруҳ шифокорлар хориж давлатларида бўлиши кутилмоқда.
Шунингдек, қарорга кўра, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида аҳоли билан бевосита маҳаллада ишлайдиган «тиббиёт бригадалари» ва оилавий поликлиникалар ролини тубдан ошириш ҳамда юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олиш мақсадида 2022 йилдан бошлаб қатор янгиликлар жорий этилади.
Хусусан, йилига бир марта 18 ёшдан 40 ёшгача бўлган аҳолининг саломатлик профили (овқатланиш характери, тамакига қарамлик, тана вазни индекси, артериал босим, қондаги қанд ва холестерин даражаси ва бошқалар) баҳоланади. 40 ёшдан ошган аҳолини оилавий поликлиника ва тиббиёт бригадалари орқали йилига камида бир марта манзилли скрининг текширувларидан ўтказилади. Юрак-қон томир касалликлари аниқланган беморларнинг ягона электрон реестрини юритиш ҳамда ушбу турдаги касалликлари мавжуд «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»да бўлган 200 мингдан зиёд аҳолига эналаприл (Enalapril) дори воситасини бепул тарқатиш, эҳтиёжга кўра туман (шаҳар) шифохоналари лабораторияларини коагулометр ускунаси ҳамда зарур реактивлар билан тўлиқ таъминланади.
Мақсуд Саидов,
республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори.