Футбол, U-17 Жаҳон чемпионати: Ўсмирларимиз 5 ноябрдан гуруҳ ўйинларини бошлайди

Эртага, 3 ноябрь куни Қатарда футбол бўйича навбатдаги U-17 Жаҳон чемпионати старт олади.

Ушбу мусобақада Ислом Исмоилов бошқарувидаги Ўзбекистон U-17 терма жамоаси иштирок этади.

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси шу пайтгача U-17 Жаҳон чемпионатида уч марта иштирок этган бўлиб, биринчиси 2011 йилга тўғри келади.

Ўша йил Мексика яшил майдонларида ўтказилган кичик мундиалда футболчиларимиз гуруҳ ўйинларини Янги Зеландия, АҚШ ва Чехияга ўтказиб, 6 очко тўплаб биринчи ўрин билан чиқишганди. Мусобақанинг 1/8 финалида Австралия йирик ҳисобда мағлуб этилиб, чорак финалда Уругвайга мағлуб бўлиб қайтганимиз ҳамон кўпчиликнинг ёдида.

Ўсмирлар терма жамоамиз 2023 йил Индонезияда ўтказилган кичик мундиалда ҳам маҳоратларини кўрсатди. Гуруҳдан чиқиб, 1/8 финалда Англия ёшлар терма жамоасини 2:1 ҳисобида енгиб, чорак финалда ортга қайтганмиз.

Бу йил ўсмирлар терма жамоамизни ёш мутахассис Ислом Исмоилов мусобақага олиб боради. Унинг қўл остида йигитлар Осиё чемпиони бўлганидан хабарингиз бор. Яқинда якуний рўйхат эълон қилинди. Жамоамиз мусобақани 5 ноябрь куни Парагвайга қарши баҳс билан бошлайди. 8 ноябрь куни Ирландия билан ўйнаймиз ҳамда охирги турни 11 ноябрда Панамага қарши ўтказамиз.

Кичик мундиал 27 ноябргача давом этади.