Янгиланган зиёратгоҳда ҳайит намози ўқилади

Аҳиллик, саховат ва шукроналик ғояларини ўзида мужассам этган муборак Рамазон ойи якунига етмоқда. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 16 февралдаги қарорига кўра, Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва юқори савияда ўтказиш, диний-маърифий, маданий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилди.

Вилоятимизда ҳам “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” деган эзгу ғоя асосида ижтимоий кўмакка муҳтож, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз ва кексалар, беморлар ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Ҳар бир шаҳар ва қишлоқда меҳр-мурувват, саховат тадбирлари ташкил этилди, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар йўқланди.

Муқаддас динимиз кўрсатмаларида ҳам муҳтож инсонларга ёрдам бериш энг савоби улуғ амаллар сирасига кириши қайд этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Менга заиф, бечораларни топишга ёрдам беринглар. Сизларнинг ризқингиз ва ютуқларингиз асосан заиф ва бечораларга ёрдам беришингиз сабабидан зиёда бўлади”, деб таъкидлаганлар.

Рамазон ойи давомида вилоятимизда давлат томонидан ҳамда диний соҳа вакиллари ва мурувватли инсонлар ёрдамида кам таъминланган, ногиронлиги мавжуд, боқувчисини йўқотган, ёлғиз яшовчи оилаларга жами 3 миллиард сўм миқдорида пул маблағлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари эҳсон қилинди. Имом хатибларимиз маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда 700 дан зиёд кам таъминланган оиланинг хонадонида бўлиб, уларга ўз яшаш манзилларида ифторлик дастурхонлари ташкил этдилар.

Бундан ташқари, 2000 нафар беморларнинг даволаниши, 300 нафар имконияти чекланган шахсларга махсус ускуналар харид қилишларига кўмаклашилди. Шунингдек, уй-жойида камчиликлари бўлган бир нечта хонадонлар таъмирланди. Талаба ёшларнинг ўқув шартнома пулларини тўлаб беришда ҳам вилоятимиз мўмин мусулмонлари ўз саховатларини намоён қилдилар.

Бу хайрли ишлар маҳаллий ҳокимликлар, ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жойлардаги бўлимлари, “Вақф” хайрия жамоат фонди, маҳалла фаоллари ва имом-хатиблар ҳамкорлигида амалга оширилди.

Рамазон ойи якунланиши билан ҳайит намози адо этилади. Айни пайтда вилоятимиздаги 286 жоме масжидида бу ибодатни бекаму кўст, жамоат тартиби ва хавфсизлик таъминланган ҳолда ўтказиш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Масжидлар ва уларнинг атрофини ободонлаштириш, намозга келувчиларга қулай шароит яратиш бўйича ҳамкор ташкилотлар билан ҳозирлик ишлари олиб борилмоқда.

Бу йилги Рамазон ҳайитининг барчамиз учун аҳамиятли жиҳатларидан бири, шубҳасиз, ҳурматли Президентимиз ташаббуслари билан янгидан бунёд этилган Имом Бухорий мажмуасида ҳайит намозининг ўқилиши бўлади. Бугун ушбу қутлуғ қадамжонинг тантанали очилиши маросими ўтказилиши кўзда тутилган ва насиб этса, эртага барчамиз Рамазон ҳайити намозини буюк муҳаддис бобомиз зиёратгоҳидаги кўркам ва маҳобатли масжидда адо этамиз!

Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!

Аҳмадхон АЛИМОВ,

вилоят бош имом-хатиби.