Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг зарурати нимада?

“Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Қонунда аҳолини ҳар 10 йилда, қишлоқ хўжалигини эса ҳар 5 йилда камида бир марта рўйхатдан ўтказиш белгиланган.
2021 йилда аҳолини, 2022 йилда эса қишлоқ хўжалигини синов тариқасида қисман рўйхатга олиш тадбирлари ўтказилди. Лекин тўлақонли рўйхатга олишни ўтказиш учун зарур омиллар ва халқаро тажрибаларни ўрганиш ҳамда тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш маълум вақтни тақозо этиши боис бу тадбир кейинга қолдирилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида”ги фармони ҳамда шу йилнинг 7 октябрь куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини умуммиллий рўйхатга олиш 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар ўтказилади. Бунда дастлабки 17 кун интернет орқали, кейинги бир ой мобайнида эса “маҳалла еттилиги” иштирокида уйма-уй юриб амалга оширилиши белгиланди.
Рўйхатга олиш жараёнлари оддий ва шаффоф тарзда ташкил этилишига эътибор қаратилади. Шунингдек, саволларнинг сони аввал режалаштирилган 328 тадан 71 тага қисқартирилди. Рўйхатга олиш натижасида Европа статистиклар конференциясининг 2020 йилдаги тавсиялари асосида аҳолининг таркиби ва миграцияси, оилавий ҳолати, фаолият тури, даромад манбалари тўғрисида ягона маълумотлар базасини шакллантириш вазифаси белгиланди.
Мамлакатимиздаги қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ҳолати, чорва моллари ва паррандалар сони ҳам аниқланадиган бўлди. Бу аниқлаш ва самарали воситаларни қўллаш орқали қишлоқ хўжалигига йўналтирилаётган йиллик 25,6 триллион сўм, жумладан, 2,2 триллион сўм бюджет маблағларининг самарадорлиги, соҳадаги хизматлар ҳажми ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун зарур маълумотлар тўплами яратилиши ҳисоблаб чиқилмоқда.
Худди шу каби рўйхатга олиш жараёнларини самарали амалга ошириш учун “маҳалла еттилиги”нинг махсус ўқув дастури асосида тайёрланиши кўзда тутилмоқда ва бу борадаги ишлар кенг рағбатлантирилади. Бунинг учун Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган статистика тизимини мустаҳкамлаш лойиҳасининг маблағлари ҳам йўналтирилади. Шундай қилиб, жараён давомида оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарғибот ишлари йўлга қўйилади. Махсус кўрсатув ва видеороликлар намойиш этилиши, фуқароларнинг хабардорлиги оширилиши мақсад қилинди.
Ўзбекистонда умуммиллий рўйхатга олиш охирги марта 1989 йилда ўтказилган эди. Сўнгги 36 йилда бу йўналишда қатор ишлар амалга оширилди. Бироқ тўлақонли рўйхатга олишни ўтказиш учун зарур омиллар ва халқаро тажрибаларни ўрганиш ҳамда тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш маълум вақтни тақозо этиши боис бу тадбир ўтказилиши кейинга қолдирилган эди.
Бунга биринчи сабаб аҳолини рўйхатга олиш баъзилар ўйлаганидек, аҳоли сонини аниқлашдангина иборат эмас. Бу жараёнда мамлакат иқтисодий тузилмасининг барча жиҳатлари, ижтимоий соҳадаги муаммолар билан боғлиқ маълумотларни тўплаш кўзда тутилганлиги бўлди.
Иккинчидан, шахсларнинг иқтисодий хусусиятларига доир маълумотларни тўплаш бу борадаги асосий зарурат эканлигини эътиборга олишимиз керак бўлди. Яъни, иш режимини тузиш, меҳнат бозорида иштирок этиш, самарали меҳнат тизимини яратиш учун шахслар ҳақидаги маълумотларни топиш жуда муҳимдир. Бу маълумотлар рўйхатга олиш жараёни доирасида тўпланган ҳар бир маълумот аҳолининг иқтисодий аҳволини ўрганиш, баҳолашга имкон яратишини тушунишни талаб қилди.
Рўйхатга олиш жараёнлари Ўзбекистонда интернет тармоғи орқали, планшет ва қоғоз усулларида ташкил этилади. Синов жараёнларида планшет усулида аҳолини рўйхатга олиш қоғоз усулига нисбатан қулайлиги, тезкорлиги ва иқтисодий жиҳатдан самаралироқ эканини кўрсатди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, аҳолини рўйхатга олиш ишларига сарфланадиган маблағ миқдори аҳоли жон бошига ўртача 3 АҚШ долларидан тўғри келиши мумкинлиги айтилган эди. Бу харажатлар давлат бюджетидан қопланиши ҳам белгиланди.
Тарихий демографик жараёнларни илмий жиҳатдан ўрганишнинг таҳлили ва натижалари ифодалайдики, аҳолини рўйхатга олиш натижалари жамиятимизни янада кучайтиришга имконият яратади. Ҳудудларни ривожлантириш, аёллар ва болалар саломатлигини сақлаш бўйича ишларнинг манзилли амалга оширилиши учун ҳам ахборот манбаси бўлиб хизмат қилади. Аҳолини рўйхатга олишда индивидуал асосда ҳар бир шахс тўғрисидаги якка маълумотлар тўпланади. Шу билан бирга, респондентлардан олинган маълумотларнинг номсизлиги кафолатланади. Аҳолини рўйхатга олиш варақасидан фақат натижаларни умумлаштириш учун фойдаланилади. Шу сабабли синов натижалари ва илғор давлатлар тажрибалари асосида рўйхатга олиш жараёнларини қоғоз усулидан воз кечиб, интернет тармоғи орқали ва планшет қурилмаларидан кенг фойдаланган ҳолда ўтказиш устида иш олиб борилмоқда. Асосий тадбирни мукаммал ва сифатли ўтказиш учун Миллий статистика қўмитаси томонидан тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда.
Шароф Абдиев,
вилоят статистика бошқармаси бошлиғи.
Раҳимжон Юсупов,
СамДУ доценти, тарих фанлари номзоди.