“Самарқандликларни яхши кўраман”
Мамасолиев Хайрулла, тадбиркор. Бир неча йилдан бери тадбиркорлик, кинопродюсерлик, режиссёрлик ишларидан ортиб турли ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириб келади.
Хайрулла ака 4 йил олдин Самарқанд шаҳрида илк марта ижтимоий дўкон очган, унда саховатли самарқандликлар томонидан берилган кийим ва бошқа зарур буюмлар эҳтиёжмандларга бепул берилиши йўлга қўйилган.
Пандемия даврида Хайрулла Мамасолиев беморларга кислород консентраторларини бепул ижарага беришни йўлга қўйди. Ўшандан буён самарқандлик кўнгиллилар ёрдами билан 50 та кислород консентратори йиғилган ва беморлар зарур вақтда фойдаланган.
Хайрулла ака Сардоба фожиасидан сўнг жабр кўрган сирдарёликлар учун зарур жиҳозлар, озиқ-овқат ва кийим-кечак йиғиш акциясини эълон қилди. Минглаб юртдошларимиз бу акцияни қўллаб-қувватлаб, 19 та юк машинада Сардобага ёрдам жўнатилганди.
Яқинда Туркияда юз берган зилзила бутун дунёни ларзага солди. Хайрулла Мамасолиев бу сафар ҳам ёрдам акцияси эълон қилди. Самарқанд аҳли кўмаги билан қисқа фурсатда учта юк машинасида озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа зарур буюмлар қардош турк халқига юборилди.
- Самарқандликлардан фахрланаман, чунки улар ҳамиша ёрдамга шай. Мен ташкилотчиман, холос, нимаики қилган бўлсак барчаси халқимиз ёрдами билан амалга ошган, - дейди Хайрулла Мамасолиев.