Шахмат олимпиадасида ўзбекистонлик эркаклар Украинани, аёллар эса Грецияни мағлуб этди
18 сентябрь куни Будапештда ўтаётган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг еттинчи турида эркаклар ва аёллардан иборат Ўзбекистон терма жамоаларининг иккиси ҳам ғалаба қозонди.
Эркаклар терма жамоаси вакиллари асосий учрашувлардан бирида Украина билан тўқнаш келди. Ўша куни 20 ёшни қаршилаган Нодирбек Абдусатторов рақиби Андрей Волокитинни мағлуб этди.
Шамсиддин Воҳидов Антон Коробов билан тенгма-тенг ўйинда дуранг қайд этди, Жавоҳир Синдаров эса собиқ жаҳон чемпиони (2002−2004), шахмат олимпиадаларининг икки карра ғолиби Руслан Пономаревни таслим бўлишга мажбур қилди.
Украиналик афсонавий шахматчи Василий Иванчукка қарши кечган ўйинда Нодирбек Ёқуббоев ўйиннинг ярмидан сўнг устунликка эришди, аммо рақибининг хатосидан унумли фойдалана олмади. Натижада томонлар дурангга рози бўлишди.
Якуний ҳисоб 3:1, Ўзбекистон фойдасига. Мамлакат биринчи ўринда бораётган ва Хитойни мағлуб этган Ҳиндистонни таъқиб этишда давом этмоқда.
Аёллар терма жамоаси Грецияни 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этган бўлса-да, Феруза Ҳамдамова турнирдаги илк мағлубиятини қабул қилиб олди.
Нодира Нодиржонова ушбу Олимпиадада миллий терма жамоа сафида энг кам ўйин ўтказган бўлса-да, доим очко олиб келмоқда. Бу сафар спортчи Харитомени Маркантонакини мағлуб этди — унда аллақачон учта ғалаба ва битта дуранг бор.
Умида Омонова Анастасия Аврамидуни мағлуб этди. Бу икки дуранг ва бир мағлубиятдан сўнг Ўзбекистон вакилининг тўртинчи ғалабаси бўлди.
Малика Маржонова Екатерина Павлиду билан дуранг ўйнади, Афруза Ҳамдамова эса Ставрула Цолакидуга имкониятни бой бериб, турнирдаги илк мағлубиятини қабул қилди.
Эркаклар ўртасида фақат Ҳиндистон 14 очкодан 14 очко жамғармоқда. Кейинги ўринда олтита ғалаба ва бир дуранг билан Эрон, олтита ғалаба ва бир мағлубият билан Ўзбекистон терма жамоаси учинчи ўринда бормоқда. Венгрия, Арманистон ва Сербия терма жамоаларида эса 12 очкодан бор.
Айни пайтда аёллар ўртасида ҳам 14 очкодан 100 фоизлик натижага фақат Ҳиндистон жамоаси эга. Ўзбекистон аёллар терма жамоаси эса 11 очко билан 11-ўринга кўтарилиб олди. Олдинда ҳали 4 та тур бор.