Шифокорнинг кўрган кечирганлари: Ҳаётга қайтиш (4-қисм)

Катта-кичик тракторларни кўриб ёшлигим эсимга тушиб кетди. Мактабни битирган йилим олий даргоҳга ўқишга кира олмадим. Қишлоққа қайтдим, шунда отам энди нима иш қиласан, деб қолди? Ўқишга кирмадимми — тамом, энди тракторчи бўламан, дедим. Отамнинг жаҳли чиқмади, майли болам, бир ўйлаб кўр, - дея ўзимга қўйиб берди.

Эртасига ҳеч иккиланмасдан қишлоғимизнинг тракторчилари раҳбари, яъни бош инженер Рихсибой аканинг олдига бордим. Ўша пайтлари ўн йиллик қишлоқ мактабларида 9-10 синф дарс режасига тракторчиликни ўргатадиган махсус техника фани мавжуд эди. Ҳаммамиз бироз бўлса-да, тракторчиликдан хабаримиз бор эди, ҳатто гувоҳнома ҳам беришганди. Рихсивой ака аризангни ёз, кейин мен имзо чекаман, сўнгра гувоҳномангни олиб совхознинг бош отдел кадрига борасан, деди. Мен хурсандчилигимдан сиз рози бўлсангиз бўлди, совхоз марказига бугуноқ бораман, дедим. Бош инженер аризамга имзо чекди. Совхоз марказидаги кадрлар бошлиғи катта ёшлардаги рус одам экан. Ҳужжатларимга қаради-да, “Такой молодой парень, хочет стать трактористом, так что надо учиться”, деб ҳужжатларимни қабул қилди.

- Тракторчиликнинг нимаси ёмон экан, қанчадан-қанча эркаклар трактор ҳайдаб бола-чақасини боқяпти. Аммо сентябрь ойининг охиригача менга ҳеч ким трактор ҳайдатмади. Ҳайдатиш у ёқда турсин миндирмади ҳам. Фақат эртадан кечгача темир-терсак ташитишарди. Кунлардан бир кун бош инженер чақириб пахта терадиган машинани ҳайдашни биласанми, деб қолди. Мақтаниб билсам керак, дедим. Шундан сўнг аввал Ўринбой ака деган, кейин қўшнимиз Эргаш ака деган пахта терувчи тракторчиларга мени бириктириб қўйди. Улар ҳам зўр одамлар экан, менга эрталаб ҳам, кечқурун ҳам фақат тракторни ювишни буюрарди, холос. Бир ҳафтага бормай қўшни Эргаш аканинг бели оғриб уйида ётиб қолди. Хуллас, трактор менга тегди, ўзим хўжайин, ўзим хон эдим. Бир-икки кун, тўғриси, роса қийналдим. Сал эътибор бермасанг бўлди. Эгатдан чиқиб пахтани пайҳон қиларди. Айниқса, дала четига чиққанимда бурилиш анча қийин эди. Кун бўйи далани айланиб бор-йўғи 1-2 бункер, яъни бир ярим тонна пахта терардим. Шунда ўзимга-ўзим Турсуной Охунова қанақа қилиб, 400-500 тонна пахта терар экан, деб ўйлаб қолардим.

Орадан бир ҳафтача ўтганда қўшни Эргаш акани кўриб қолдим. Бечора беланги бўлиб ҳасса суяниб қолибди.

– Болам, - деди у ҳассасини қўлига олиб, битта товуққа ҳам сув, ҳам дон керак. Тракторнинг ҳам моторидаги мойини, сувини қараб тур. Камайиб кетса мотор жуда тез ишдан чиқади.

- Хўп бўлади, - дедим-да тракторни ҳайдаб кетдим.

Аммо бунақа ҳайдаш 2-3 ҳафтага ҳам бормади, радиатор тешилиб, ичидаги суви оқиб кетибди, яхшиямки моторга унчалик шикаст етмабди. Қаранг, янги радиатор келмасиданоқ, пахта йиғим терими якунланди. Яна эски тос, эски ҳаммом бошланди. Эртадан кечгача гараждаги тракторларнинг моторини ювардим, ғилдиракларини алмаштириб уларнинг ичини мойлаб яна жойига қўярдим. Катта ёшдаги тракторчилар бош инженер Рихсивой аканинг назоратида тракторнинг моторини очарди. Унинг ичидаги бор-будини ташқарига чиқариб янгисини қайтадан қўярди. Бу жараён жуда мураккаб ва оғир эди. Кўпинча моторни 3-4 киши бўлиб кўтаришарди. Кунларнинг бирида бош инженер муовини Наман аканинг мазаси бўлмай қолди. У темир-терсакларнинг ичида буралиб ағанаб ётарди. Кўзлари ола-кула бўлиб, оғзидан кўпик келарди. Шунда катта тракторчилардан бири менга қараб, “ош қошиқ олиб кел”, деб бақирди. Қаранг қошиқ олиб келганимча, у киши Наман аканинг жағини икки томондан сиқиб ушлаб турган экан. Беш-олти дақиқа ўтмасдан Наман ака ўрнидан туриб уст-бошини қўли билан қоқди. Четроққа чиқиб юз-қўлини ювди. Ҳеч нарса бўлмагандай индамай кетиб қолди. Рихсивой ака келиб, ҳаммани яна ишга чорлади. Шу-шу, мен Наман акадан чўчийдиган бўлиб қолдим. Кейин билсам у кишининг тутқаноғи бор экан. Йилига уч-тўрт марта шу ҳолат кузатилар экан.

Кунлар-ойлар ўтиб, яна август келди, ўқишга бориш керак деб таътилга чиқдим. Олий таълимга кириш яна насиб қилмади. Ҳамма фанлардан "3" олдим. Охирги оғзаки имтиҳонни топшириш жараёнида биология ўқитувчиси Пўлат ака айтди, сенинг билиминг бор, аммо “3” дан юқори эмас, озроқ тайёрланиш керак.

Бу сафарги йиқилиш ўзимга ҳам, ота-онамга ҳам ёқмади. Иккита катта опам ўқитувчи бўлганлиги учун мени гап билан “тишлаб-тишлаб” олишди. Бир ҳафта ўтар-ўтмас яна гаражга ишга чиқдим. Аламимни ишдан олишга ҳаракат қилдим. Кечга бориб бутун уст-бошим, кийимларим қора мой бўлиб кетади. Уйда бўлса отамнинг таклифига биноан менга алоҳида кўрпача, ўрин-кўрпа қилиб қўйишибди. Чунки кийимимнинг ҳаммаёғидан солярканинг ҳиди келарди. Тўғриси, отамдан бекитиб, онам ўрин-кўрпаларимнинг жилдини тез-тез алмаштирарди. Кунлардан бирида онам гапириб қолди:

- Болам, нимагадир қўл рўмолчаларинг, ички кийиминг, ҳатто ёстиғингнинг бир четида қон изларини кўряпман, тинчликми?

- Билмайман, тез-тез бурним қонайдиган бўлиб қолди. Пахтанинг чангидан бўлса керак.

- Отангнинг ҳам ёшлигида кўп бурни қонаган.

Лекин менга келган бу дард бир-икки кунда кетадиганга ўхшамайди. Аста-секин бурнимдан қон кетиши кунига 5-10 маротабага чиқди. Рангим оқариб, анча қувватсиз бўлиб қолдим. Пахта терими бошланмасдан касалхонага ётишга тўғри келди. Аммо аҳволим касалхонада янада ёмонлашди. Дўхтирлар вазелин билан мойланган узун бинтни бурнимдан тиқиб оғзимдан чиқариб оларди. Ҳатто ухлаб ётганимда ҳам қон кетиб қоларди. Кунларнинг бирида ТошМида ўқийдиган 3-4 та талаба оппоқ халатда даволовчи шифокор билан мени кўришга кириб қолишди. Уларнинг қош-кўзларининг тиниқлиги, юзларининг тозалиги уст-бошига оппоқ халатнинг ярашгани ром қилиб қўйди. Шунда мен отамга секин овоз билан: “Ота, мен дўхтир бўламан. Мен ўлмайман”, дедим. Кейин билсам бош шифокор бир кун аввал “ўғлингизнинг аҳволи оғир, Тошкентга олиб бормасангиз бўлмайди”, деган экан. Худонинг қудрати билан эртасига ўрнимдан туриб, бир томондан деворни, иккинчи томондан отамнинг елкасини ушлаб юра бошладим. Шунда бир қрим-татар фаррош аёл “Болангизга, ширин-шакар, қиёмни камроқ беринг”, деб қолди. Қаранг, ҳақиқатан ҳам шу нарсаларни ейишни камайтирган эдим, касаллик ҳам орқага чекина бошлади. Ҳатто октябрнинг охирига бориб, ишга чиқиб кетдим.

Кузнинг салқин кунлари, пахта ҳам кам қолган, учинчи терим пайти. Катта тажрибали механизаторлар бундай пайтда теримчи машинани ёшларга беради. Кўпроқ кечаси навбат бизларга тегарди. Ўшанда жума куни эди, вақтни қизғаниб кечки овқатни емасдан пахта теришни давом эттирдим. Соат тўққиз-ўнларга бориб, машинанинг бункери пахтага тўлиб тошди. Хирмонга келсам қандайдир бир одам даланинг четида олов ёқиб, исиниб ўтирибди. Бирданига бошимга бир нарса урилди, ахир пахта даласида олов ёқиш мумкин эмас-ку. Пахта тергич тракторнинг кабинасидан секин тушиб, у кишининг олдига келдим. Салом бердим. У ҳам рус тилида салом берди. Рус тилида “Сен менга эътибор берма, жуда совуққотиб кетдим, - деди. - Кенг далада бир ўзи тракторда пахта тераётган ким экан, деб қизиқиб қолдим. Айтиб қўяй, бугун совхоз бўйича сен энг кўп пахта тердинг, молодец. Яна демоқчиман, бу атрофда корейс боласининг машинада пахта терганини ҳеч қачон кўрмаганман", деди. Бирданига ҳовлиқиб, мен корейс эмасман, десам, ўхшар экансан. Лекин мен корейсман, катта раҳбар бўлиб ишлайман. Сенга нима ёрдам берай, деб сўради. Жаҳлимни босиб, ўқишни хоҳлайман, дедим. “Яхши, эртага эрталаб совхоз марказига кел, мен директорнинг хонасида бўламан”.

Қани энди тезроқ тонг отса. Эрталаб елкамгача тушган сочларимни яхшилаб ювиб (у пайтлари соч ўстириш мода эди) марказга бордим. Навбат кутиб директорнинг қабулига кирсам, кечаги корейс одам ҳам шу хонада экан. Хўш, болам, қаерга ўқишга бормоқчисан?, деди. Мен баралла: “ТошМИга” дедим. Шунда директор:

- Аннаев, ТошМИ қоптими, бизга ирригатор ёки агроном керак. Сен полвоннинг боласимисан?

- Ҳа, Ҳусанбой полвоннинг катта ўғлиман.

- Унда менга қара, отанг пахта суғорган, пахта етиштирган, сен ҳам шу ишни қиласан. Қишлоқ хўжалиги институтининг тайёрлов курсига жўнатамиз, бўладими, - деб корейс одамга қаради.

Лекин корейс одам “бу йигитга ТошМИнинг тайёрлов курсига йўлланма беринг. Туманимизда, қолаверса, совхозда маҳаллий шифокорлар йўқ”, деган таклифни айтди. Кейин билсам бу меҳмон “юқоридан” экан. Директор рози бўлди.

Шу йили ноябрь ойининг ўн биринчи санасида ТошМининг тайёрлов курси талабаси бўлдим. Имтиҳонларни яхши ва аъло топширдим. Эътиборлиси шундаки, тайёрлов курсига қурувчи, тракторчи, пахтакор, армия сафидан қайтган аскарлар қабул қилинар экан. Уларнинг кўпчилигининг ёши мендан катта эди. Шунинг учун ҳам биз бироз улардан билимдонроқ чиқдик. Аммо тайёрлов курсида ўқиш жараёнида маълум бўлдики, ҳақиқатан аввал олий ўқув юртига кириш даражасидаги билимим бўлмаган. Ўқиш, билим олиш кўзимни очди. Ҳаммасидан биология ўқитувчиси билан яқин шогирд-устоз бўлиб кетдик, у менга “3”ни энди”5” қиласан, - деди. Кейин билсам кириш имтиҳонини олган Пўлат ака экан.

Ўқишнинг биринчи ҳафтасидаёқ ТошМИнинг қулоқ, томоқ, бурун-лор клиникасига мурожаат қилдим. Ёши олтмишларни қоралаб қолган Сайфиддин деган шифокор мени қабул қилди. Жудаям мулойим дўхтир экан:

- Қани, бурнингни ичини бир кўрайлик, - деди. Пешонасидаги лампа чироғини ёқиб аста тикилди. - Болам сени нима безовта қилади.

Шунда мен унинг юзига аранг қараб, "Бурним кўп қонайди", дедим. "Бунақа бурун билан шунча жойга етиб келибсан, жуда яхши. Хўш, қаердан келгансан?", деб сўради. Мен дарров Оққўрғондан деб жавоб бердим.

- Отангнинг сигири борми? - деса бўладими. “Ҳа, амаки иккита, бири соғин сигир”.

- Унда яхши, онанг сариёғ қиладими?

- Ҳа, амаки. Эрталаб ҳар куни сариёғсиз чой ичмаймиз.

- Унда гап бундай, бурнингни ичи майда яра-чақаларга тўлиб кетибди. Устини қаталоғ босган. Бурнингни ичи қичийдими?

- Ҳа, жуда кўп қичийди. Кейин сен уни кўрсаткич бармоғинг билан ковлайсан, тўғрими?

- Ҳа.

- Энди гап мундоқ. Уйингга бор-да, ҳар куни сариёғни бурнингни ичига кунига 2-3 марта суртасан, тамом, қарабсанки бир ҳафтада отдай бўлиб кетасан.

Худди шундай бўлди ҳам, ўн-ўн беш кунда менга шунча азоб берган касалликдан қутулиб қолдим. Демак, юқори даргоҳларда ишлайдиган шифокорларнинг диди жуда баланд экан-да...

Ана шу хотираларни хаёл суриб Владимир Иванович билан 1-2 километр юриб қўйибмиз. Энди буёғи қамишзор, тўқайзор бўлиб ётган жуда катта майдонга кириб келибмиз.

- Мана, кўриб қўйинг, авваллари ҳар қанақа йўл бўлса ҳам моховхоналарни одамлар яшаб турган жойдан олис ҳудудларга қуришга ҳаракат қилишган. Тўғриси, ҳам беморларни, ҳам ички идеологиямизни яширишга ҳаракат қилганмиз. Иложи борича бутун борлиғимиз билан моховларни ташқи дунёдан ажратиб қўйганмиз. Бемор йўқ, демак, инфекция йўқ, қабилида иш юритганмиз. Тўғрироғи, бошқа тайинли услуб ҳам бўлмаган, сабаби, касалликнинг махсус давосининг ўзи йўқ эди. Кейин қарабсизки, моховлар тўғрисида ҳар хил афсонавий гаплар кўпаяверган. Эмишки, улар “Борса-келмас” деган оролда сақланар экан. У ерга ҳеч ким киритилмайди, ҳеч ким чақирилмайди. Беморлар умрининг охиригача шу жойларда ўлиб кетаверади. Бу гапларнинг ҳаммаси сафсата, уйдирма. Айтиб қўяй, шундоқ Тошкентдек пойтахт дўхтирларининг орасида ҳам эскича ўйлайдиганлари жуда кўп. Ўйлайманки, бундай фикрлайдиганларнинг ҳаммасини кейинчалик ўзингиз тўғрилайсиз. Сиз ёшсиз, биз эса кексайиб бормоқдамиз. Бу соҳада жуда кўп ишларни қайтадан қуриш лозим, - дерди шеригим.

Тўғрисини айтсам, моховхона тўғрисидаги қўрқинчли гаплар айрим пайтлари ўзимизга ҳам ёқиб кетарди. Сабаби, касалхонани текшириш учун келган катта мулозимлар Нукусдан нарига ўтмасди. Ҳамма тафтиш маълумотларини, ўзимиз тўғримизда ўзимиз ёзиб берардик. Кейин 3-4 йил давомида юқоридан келадиган комиссия деганлари қадамини босмай кетарди. Айтиш керакки, бу жойларга пойтахтдан катта лавозимларда ишлайдиган бирорта тайинли раҳбар қадам ранжида қилмаган. Аксарият ҳолларда маҳаллий раҳбарлар байрам кунлари бир-бир келиб қоларди. Лекин Қорақалпоғистондан тиббиёт соҳасида чиққан иккита академик бор. Бири Чоржўй Абдиров, иккинчиси Турсунбой Эшанов. Иккаласининг ҳам лепрология соҳасида бажарган ҳам илмий, ҳам амалий ишларининг салоҳияти жуда катта. Бу соҳада чиққан монографиялари бутун собиқ иттифоқ лепрологларининг кундалик дарсликлари ҳисобланади. Вақт келади, мен сизни улар билан таништираман.

Эгамберди Эшбоев.

Давоми бор.