Синоптиклар бу йилги куз ҳамда қишнинг бошланиши ҳақида маълумот берди

Кечаги кунгача ўтган куз даврини ноодатий қуруқ давр деб таърифлади Гидрометеорология хизмати маркази.

Деярли бутун куз — сентябрь, октябрь ва ноябрь ойининг катта қисмида Ўзбекистон бўйича кам булутли, қуруқ ва шамолсиз об-ҳаво кузатилди. Фақат айрим кунларда баъзи жойларга ёмғир ёғди. Улар асосан кучсиз ва қисқа муддатли бўлди.

Бу йилдаги каби қуруқ куз жуда кам кузатилади.

Охирги 20 йил ичида 2002 ва 2007 йилларнинг куз фасллари ҳам қуруқ бўлган, 2013 йил куз бу йилдагига ўхшаш бўлган.

Ҳарорат кўрсаткичлари бўйича бу йилги сентябрь, октябрь ойлари асосан илиқроқ, айрим жойларда меъёрдан илиқроқ, ноябрь ойида эса одатдагидан совуқ бўлди.

Кечадан бошлаб ҳаво кескин ўзгарди. Республика ҳудудининг катта қисмида, шимолий туманлардан ташқари, ёғаётган ёмғир қорга айланди. Тоғли ҳудудларда бу йилги мавсумдаги биринчи қор қоплами ҳосил бўлди.

Ҳаво ҳарорати кечаси 0-3 даража совуқ, кундузи 0-3 даража илиққача пасайди.

Мамлакатимизнинг шимоли — Қорақалпоғистон, Хоразм вилояти ва Навоий вилоятининг шимолида тунги ҳарорат 12-15 даража совуққача, кундузи 2-7 даража совуққача тушиб кетди.

Дам олиш кунлари Ўзбекистон бўйлаб булутли об-ҳаво сақланиб туради. Шимолий ҳудудлардан ташқари, бошқа жойларда ёғингарчилик, кўпроқ қор ёғиши кутилоқда. Ҳарорат сезиларли ўзгармайди.

Душанба кунидан бошлаб ёғингарчиликлар тўхтайди. Лекин ҳафтанинг охиригача совуқ ҳаво сақланиб туради. Кечаси ва эрталабки соатларда 3-8 даража совуқ, кундузи 0-5 даража илиқ атрофида бўлади.

Ўзгидромет жаҳоннинг етакчи об-ҳаво марказлари маълумотларига таяниб бераётган баҳоларига кўра, декабрь ўртача нам ва ҳарорат бўйича меъёрларга яқин бўлади.

Ой давомида ҳарорат кечаси 2-7 даража илиқдан 0-5 даража совуққача, кундузи 10-15 даража илиқдан 0-5 даража илиққача ўзгариб туради.

Январь ва февраль тўғрисида гапиришга ҳали эрта. Фақат Марказий Осиё қишларининг иқлимий хусусиятлари тўғрисида гапириш мумкин.

Одатда Ўзбекистонда қиш қисқа ва кам қорли ўтади. Бу ерда қиш фаслининг ўзига хос хусусияти — ҳароратининг кескин ўзгариб туришида. Бунда иссиқ ҳаво тўлқинлари совуқ ҳаво билан алмашиб туради. Ҳарорат совуқ бўлганда ёққан қор ҳаво илиши билан эриб кетгани сабабли барқарор қор қоплами ҳосил бўлмайди. Деярли ҳар йили совуқ қишлардан ташқари, ҳарорат тушиб кетадиган қисқа муддатлар кузатилади. Кечаси совуқ 10-13 даража, баъзан ундан ҳам паст бўлиши мумкин. Ҳарорат 15-18 даражага кўтариладиган даврлар ҳам бўлади. Охирги кузатувлар давомида энг совуқ даврли қиш 2007-2008 йилга тўғри келганини кўриш мумкин. Ўшанда совуқ декабрнинг охиридан февралнинг ўртасигача давом этган.