Нега тишлар кўпроқ қиш кунлари безовта қилади?

Қиш фаслида одам организми нафақат авитаминоз, балки, қуёш нури етишмовчилигидан ва совуқ ҳаводан ҳам азият чекади. Шу сабабли кўпчилигимизда нафас оладиган совуқ ҳаво туфайли тишларимизда сезувчанлик ошиб кетади. Албатта бу учрайдиган ягона муаммо эмас. Ҳозир қуйидаги муаммолар сабаби ҳамда ечимини кўриб ўтамиз.

Фтор сақловчи тиш пасталаридан фойдаланинг

Агар тишларингизда совуқ туфайли сезувчанлиги ошиб кетган бўлса, тиббиёт дорихоналаридан махсус сезувчи тишлар учун тиш пасталарини сўранг. Уларнинг таркибида кўп миқдорда фтор сақланиб, эмални мустаҳкамлайди ва сезувчанликни пасайтиради.

Илиқ ичимликлардан ичинг

Совуқ ичимликларни совуқ ҳавода истеъмол қилишингиз, тишингизнинг эмал қаватида микроёриқчаларни пайдо қилиши мумкин. Бу эса сизнинг соғлом табассумингизни бузиши мумкин.

Бурун орқали нафас олинг

Бурун орқали нафас олиш тишларингиз ҳимоясини таъминлайди. Жисмоний машқ вақти, яьни эрталабки югуришда бурун орқали нафас олиб оғиздан чиқаришингиз организм, айнан тишларингиз учун фойдалидир.

Ширинликлардан воз кечинг

Ширинлик таркибидаги углевод соғлом тишларнинг душмани ҳисобланади. Бу углеводларнинг сут кислотасигача парчаланиб, тиш эмал қаватини емиради ҳамда унинг сезувчанлигини орттиради. Агар ширинликни хуш кўрсангиз ҳар сафар ширинлик истеъмол қилганингиздан кейин тиш ювишни унутманг.

Тиш чўткаларини тез-тез алмаштириб туринг

Қиш фаслида вируслар фақат ҳаво томчи эмас, балки, тиш чўткалари орқали ҳам тарқалади. Шу сабабли уларини ҳар фойдаланганингиздан кейин ювинг ва тиш чўткангизни 2 ойда бир маротаба алмаштиришингиз ўринли ҳисобланади.

Шербек ИБАДИЛЛАЕВ, Самарқанд Давлат Тиббиёт институти стоматология факультети талабаси.