Милоддан минг йил аввал ҳам тиш протезлари бўлган(ми?)
Ҳар йили 9 февраль бутун дунёда халқаро стоматологлар куни нишонланади.
Стоматология тиббиётнинг қадимий соҳаларидан бири. Археологик қазишмалар 7500-9000 йил олдин замонавий Покистон ҳудудида тишларни даволаш учун бормашина (тиш ковлайдиган парма) прототипи ишлатилганини кўрсатди.
Тиш даволашнинг дастлабки тавсифлари милоддан аввалги уч минг йиллик даврга тўғри келади. Ўша даврда Ниппур (замонавий Ироқ) шаҳрида тишни даволаш учун дори-дармон рецептлари ёзилган хатлар топилган. Тиш ва оғиз бўшлиғи касалликлари, уларнинг олдини олиш ва консерватив даво тўғрисида "Гиппократ тўплами", Аристотель ва Қадимги Рим шифокорларининг асарларида айтилган. Этруск (милоддан минг йил аввал Арно ва Тибер дарёлари ўртасида Апеннин ярим оролининг шимолий-ғарбий қисмида ташкил топган қадимий цивилизация) маданиятига тегишли қадимий тиш протезлари ҳақида ҳам маълумотлар бор.
Абу Али ибн Сино (Авиценна)нинг "Тиб қонунлари" (XI аср) да тиш, унинг ёшга қараб ўсиши ва тузилиши ҳақида маълумот берилади, шунингдек, тиш ва оғиз бўшлиғи касалликларининг кўплаб аломатлари, ўша даврда маълум бўлган даво усуллари, тишни парвариш қилиш тавсифланган.
XIX асрда илк бор стоматологларни тайёрлаш бўйича махсус мактаблар пайдо бўлди. Дунёда биринчи бўлиб стоматологларни тайёрлаш мактаби 1840 йилда Балтимор (АҚШ)да очилган. Кейинчалик шунга ўхшаш мактаблар Англия, Франция, Швейцария, Россия, Германияда пайдо бўлди.
Стоматологиянинг касб ва фан сифатидаги асосчиси француз Пер Фошар (1690-1762) ҳисобланади. 1728 йилда у стоматология соҳасидаги илмий ва амалий билимларни тизимлаштирган "Тиш жарроҳлиги ва даволаш бўйича қўлланма" чоп эттирди. Фошар, шунингдек, ортодонтия асосчиси ҳисобланади - у тиш протезларини оғизга маҳкамлаш учун пружина ҳамда тиш учун олтин қоплама ихтиро қилди, сунъий тиш коронкаларига чинни қоплашни жорий этди.
XIX аср ўрталарида стоматологик кресло ва бормашина ихтиро қилиниши - стоматология амалиёти учун ҳақиқий инқилоб эди.
Г.Холдорова тайёрлади.