Нобель мукофоти соҳиби Самарқандда маъруза ўқиди

Самарқанд давлат чет тиллар институтида Ипак йўли университетлари халқаро тармоғи (SUN - Silk-Road Universities Network) Х Бош Ассамблеясининг форуми бўлиб ўтди.

Ушбу нуфузли халқаро тадбирда дунёнинг 30 дан ортиқ етакчи халқаро университетларининг ректор ва профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Самарқанд давлат чет тиллар институти биринчи проректори А.Курахмедов институтнинг фаолияти, туризм, таълим ва бошқа соҳалар учун кадрлар тайёрлаш борасидаги ишлар ҳақида маълумот бериб, Ипак йўли университетлари халқаро тармоғига аъзолик самараси тўғрисида сўз юритди.

Ипак йўли университетлари тармоғи ташкил этилганининг 10 йиллик юбилейи доирасидаги форумда тармоққа аъзо олийгоҳлар ректорлари билан бир қаторда, тинчлик бўйича Нобель мукофоти соҳиби доктор Адам Френч ҳам маъруза қилди.

Куннинг иккинчи ярмида ректорлар кенгашининг йиллик йиғилиши ўтказилиб, ўтган 10 йиллик фаолият сарҳисоб қилинди ва келгусидаги режалар белгилаб олинди.

Форум доирасида ташкил этилган халқаро талабалар конференцияси ёшлар учун илмий фикр алмашинув, инновацион таклифлар тақдимоти ҳамда халқаро тажриба алмашиш майдонига айланди. Унда тармоққа аъзо олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган иқтидорли талабалар ўз илмий мақола, тезис ва рационализаторлик таклифлари билан иштирок этди.