Сиёб ариғи бўйлари кўркам қиёфага киряпти
Қарийб икки ойдан буён Самарқанд шаҳридан оқиб ўтган Оби Раҳмат, Сиёб ариқларнинг атрофини тозалаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бу ишлар вилоят ҳокими таклифига кўра, бир гуруҳ тадбиркорларнинг ташаббуси билан амалга ошириляпти.
Тадбиркорлар ўз маблағлари ҳисобидан Халқаро туризм марказидан бошланувчи 18 километрлик Сиёб ариғининг икки томонида ободонлаштириш ишларини олиб бормоқда.
Жумладан, Оби Раҳмат, Хўжа Дониёр маҳалласи аҳолиси, шунингдек, «SFX» қурилиш корхонасининг 100 га яқин ишчилари Хўжа Дониёр мажмуасидан академик Воҳид Абдуллаев кўчасигача бўлган 2 километрлик ҳудудни тозалаб, ариқнинг икки томонидан 4 метрлик вело ва пиёдалар йўлаклари қуриш ишларини якунлади.
Мажмуа атрофидаги 400 метрлик девор-тўсиқ олиб ташланди. «Яшил макон» лойиҳаси асосида бутасимон ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилади.
- Тадбиркорларнинг ташаббус билан чиқиши барчага, жумладан, Хўжа Дониёр маҳалласи аҳлига ҳам маъқул келди, - дейди Хўжа Дониёр мажмуаси директори Зафар Маҳмудов. - Тўсиқлар борлиги туфайли кўпчилик сайёҳлар мақбарани тополмай, адашиб ўтиб кетарди. Девор олиб ташлангач, маҳалла аҳли ҳам ўз хонадонларининг ташқи кўринишига эътибор бермоқда. Бир нечта уй-меҳмонхоналар очилмоқда.
Ҳашар йўли билан ободонлаштирилаётган ҳудуддан 250-300 тонна маиший чиқинди ташиб кетилди. Айни вақтда қурувчилар ариқ бўйларига чим ётқизиб, дарахт кўчатлари ўтқазмоқда.
- Икки километр масофага суғориш тармоқлари тортилиб, 90 та тунги чироқ, 50 та ўриндиқ ва темир панжаралар ўрнатилди, - дейди «SFX» МЧЖ иш бошқарувчиси Шерзод Алиев. – Йўлакларда 1,5 минг куб темир-бетон ишлари бажарилди. Қурилиш ишларига халақит бермаслиги учун ер остидан ўтган 700 метр масофадаги табиий газ тармоқлари ер устига олинди. Шунингдек, икки қирғоқни бир-бири билан боғлаб турадиган 3 та кўприк қурилади.
Ободонлаштириш ишлари жараёнида Оби Раҳмат маҳалласидаги бирорта хонадон бузилмади. Фақат ноқулай жойлашган қўшимча бино ва деворлар баландроқ кўтарилиб, атрофи обод қилинди.
- Икки кундан буён 800 тупдан зиёд арча, мажнунтол каби дарахт кўчатлари ўтқазиб, минг квадрат метр чим ётқиздик, - дейди корхона ишчиси Ҳасан Саймеров. – Ариқнинг тубигача тозалаб чиқдик. Ёпилиб кетган булоқ кўзлари ҳам қайта очилди шекилли, илгаригидек оқова эмас, балки тиниқ сув оқа бошлади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ,
Ҳусан ЭЛТОЕВ олган суратлар.