Солиқ қонунчилигидаги такомиллашув тизимда коррупциянинг йўқолишини таъминлаяпти
Вилоят солиқ бошқармасида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди.
Тадбирда иштирок этган тадбиркорлар, ОАВ вакиллари, ёш солиқчиларнинг ота-оналари идорада ишчи-ходимлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Солиқчилар билан суҳбатда уларнинг иш тартиби, маоши ва жамоавий муҳит масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
- Солиқ идоралари ходимлари бошқа давлат идораларига қараганда кўпроқ маош олади, - дейди вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ф.Имомов. – Шунингдек, улар белгиланган тартибда рағбатлантириб ҳам борилади. Ходимларимизни коррупцияга етакловчи барча омиллар йўқотилган. Эндиги вазифамиз кадрларнинг шахсий масъулиятини ошириш, ёш ходимларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат шакллантиришдир.
— Билиб-билмай қўйилган нотўғри қадам ёш ходимларнинг тақдирини остин-устун қилиб юбориши мумкин, - дейди бошқарманинг шахсий хавфсизлик бўлими бошлиғи ўринбосари О.Искандаров. – Булунғур туманида шундай ҳолат бўлди. Янги ишга олинган ходим охирини ўйламай, коррупцияга қўл урди ва белгиланган жавобгарликка тортилди. Ҳолбуки, унинг оиласида отаси йўқ, ўзи ягона боқувчи бўлган. Бу каби тадбирга ота-оналарни ҳам жалб қилишимизнинг сабаби шунда. Коррупциядан нафақат унга қўл урган солиқчилар, балки уларнинг ота-оналари, яқинлари ҳам жабр кўради. Муаммога қарши биргаликда курашишимиз керак.
Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.