Солиқлар ортиқча ҳисобланадими?

Фуқаролар томонидан ер ва мол-мулк солиқлари ортиқча ҳисобланаётгани хусусида бот-бот мурожаатлар келиб тушади. Хўш, аслида бу каби ҳолат қандай юзага келади? Ҳақиқатан ҳам солиқлар ортиқча ҳисобланадими?

Вилоят давлат солиқ бошқармаси Жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими масъул ходими Жамшид Нарзиқулов савол бўйича қуйидагиларни билдирди:


Солиқлар ортиқча ҳисобланмайди. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 437-моддасига асосан якка тартибда уй-жой қуриш ва турар жойни ободонлаштириш учун берилган ер участкаларининг томорқа қисмига қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ёки уни ободонлаштириш амалга оширилмаган тақдирда солиқ уч баравар миқдорда тўланади. Шунингдек, ер участкаларидан ҳужжатларсиз ёхуд ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан каттароқ ҳажмда фойдаланилганда, солиқ ставкаси белгиланган солиқ ставкаларининг уч баравари миқдорида белгиланади.

Солиқ кодексининг 422-моддасига асосан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органлар томонидан рўйхатга олинмаган янги қурилган уй-жойларга нисбатан солиқ ставкаси кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органлар томонидан тақдим этилган ахборот асосида мулкнинг шартли қийматига нисбатан икки баравар миқдорида қўлланилади. Ҳудудларнинг ва фаолият амалга ошириладиган жойларнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ўрнатилган солиқ ставкаларига 0,7 дан 1,3 гача бўлган оралиқдаги камайтирувчи ва оширувчи коэффициентлар белгилашга ҳақли.

Жисмоний шахс ёки оилавий корхона турар жойдан унда истиқомат қилиш билан бир вақтда товарлар ишлаб чиқариш (хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланган тақдирда, солиқ ушбу модда биринчи қисмининг 1-3-бандларида белгиланган солиқ ставкалари бўйича тўланади.

Норматив муддатда қурилиши тугалланмаган яшаш учун мўлжалланмаган объектларга нисбатан солиқ ставкаси, агар ушбу модданинг олтинчи қисмида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, 3 фоиз миқдорида белгиланади.

Бўш турган бинолар, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар, шунингдек, қурилиши тугалланмаган объектларга нисбатан қонунчиликда оширилган солиқ ставкаларини белгилаш йўли билан юридик шахслар учун назарда тутилган таъсир чоралари қўлланилиши мумкин.