Стадион ўрнида беш юлдузли меҳмонхона қурилади

Гап Самарқанд шаҳридаги «Ёшлик», собиқ «Спартак» стадиони ўрнида қад ростлайдиган замонавий, беш юлдузли меҳмонхона ҳақида бормоқда.

Самарқанд вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Фарҳод Мажидовнинг айтишича, вилоятда 2019-2021 йилларда қуриладиган меҳмонхоналарнинг манзилли рўйхати шакллантирилган. Унга кўра, Бўстонсарой кўчасида («Ёшлик» стадиони ўрнида) 242 ўринли беш юлдузли меҳмонхона қурилади. Бу лойиҳани амалга оширишни «Абу Даби» ривожлантириш фонди ташаббускорлари зиммасига олган.

Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги Амир Темур кўчасида «Ипак йўли» фонди (Хитой) ва «Миллийбанк» ҳамкорлигида туризм комплекси лойиҳаси амалга оширилиб, 250 ўринли иккита беш юлдузли меҳмонхона қурилади.

Намозгоҳ ва Муқимий кўчалари ҳамда Бўстонсарой ва Улуғ Турсунов кўчалари кесишмаларида бири 240, иккинчиси 200 ўринли тўрт юлдузли меҳмонхона барпо этиш лойиҳаси ҳам кўриб чиқилмоқда. Бу борада германиялик ташаббускорлар билан келишув шартномалари тайёрланган.