Судья ва ҳуқуқ идораси ходимлари “Заковат”да беллашди
Самарқанд вилояти судида янги Конституция мазмун-моҳияти ва ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлашга бағишланган “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди.
Беллашувда вилоят суди, вилоят маъмурий суди, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судлари, Самарқанд шаҳар иқтисодий суди ва Миллий гвардия вилоят бўлими жамоалари беллашдилар.
Иштирокчиларга иккита бўлимда қизиқарли, мантиқий, аниқ далилларга асосланган саволлар берилди.
Ҳар бир саволнинг жавоби учун бир дақиқадан вақт ажратилди. Интеллектуал ўйин қатнашчиларининг топқирлиги шаффоф ва холис баҳолаб борилди.
Қизиқарли лаҳзаларга бой бўлган беллашувда фахрли биринчи ўринни Самарқанд вилоят судининг “Фемида” жамоаси эгаллади.
Иккинчи ва учинчи ўринни вилоят маъмурий суди ва жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди жамоалари қўлга киритди.
Тадбир якунида барча жамоаларнинг муносиб иштироки эътироф этилди. Ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Самарқанд вилоят суди жамоатчилак ва ОАВ билан алоқалар бўлими.