Ташқи савдода миллиард долларлик чўққига қандай эришамиз?
Яқинда Президентимиз “Экспорт фаолиятини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги” Фармонга имзо чекди. Хўш, бу ҳужжат қанчалик долзарб, вилоятдаги ташқи савдо фаолиятини такомиллаштириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилашда қандай самара кутилади?
Мамлакатда иқтисодий ўсиш ҳамда макроиқтисодий барқарорликни таъминлашда ташқи иқтисодий фаолиятнинг роли, уни самарали амалга оширилиши нечоғлик муҳим аҳамиятга эга эканини тушуниш кўпчилик учун қийин нарса эмас. Тўлов баланси, ташқи савдо айланмаси, унинг сальдосидек иқтисодий категорияларга таяниб ушбу соҳада юз бераётган жараёнларга баҳо бериш мумкин. Глобаллашув ҳеч қайси мамлакатда иқтисодий фаолиятни дунё иқтисодиётидан ажралган ҳолда амалга ошириш учун имкон қолдирмаяпти. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир мамлакат ўзининг кучли томонларига таянган ҳолда экспорт фаолиятини амалга оширади, эришиладиган ижобий натижалардан келиб чиқиб ички бозорни импорт маҳсулотлар эвазига қондиради.
Республикамиз ташқи савдо фаолиятидаги натижалар охирги йилларда салбий сальдо билан якунланмоқда ва бунга объектив сабаблар мавжуд. Бунинг сабабларидан бири, мамлакатимизга инвестицион фаолият доирасида четдан катта қийматдаги асбоб-ускуналар, бутловчи қисмлар ва қурилиш материаллари олиб келинмоқда. Уларни имкониятдан келиб чиқиб тўлалигича экспорт ҳисобига қоплаш вақтинчалик бўлса-да, имкони йўқ. Кейинги уч-тўрт йил кетма-кетлик билан мамлакатимиз ташқи савдо айланмасида 5-6 миллиард долларлик сальбий сальдо, бошқача айтганда экспортнинг импортдан орқада қолиши кузатилмоқда ва бундай ҳолат нафақат бизда, балки дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатларида ҳам кузатилмоқда.
Бутун дунё иқтисодиётини ларзага солган пандемия жаҳон бозорида йиллар давомида шаклланган конъюнктурани салбий томонга ўзгартирди. Жумладан, Ўзбекистоннинг етакчи иқтисодий ҳамкори ҳисобланадиган Хитой ва бошқа ҳамкор мамлакатларнинг ишлаб чиқариш тармоқларида муайян пасайиш юз берди. Натижада биз экспорт қиладиган табиий газ, рангли металлар, ип-калава ва бошқа саноат маҳсулотларига бўлган талабда пасайиш юз берди. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, пахта хомашёси ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортбоп қилиб етиштиришга иқлим ўзгаришлари, жумладан йилдан йилга кучайиб бораётган сув танқислиги салбий таъсир кўрсатмоқда. Уларнинг ўрнини бошқа маҳсулотлар, жумладан ипак ипи, мева-сабзавотлар, дуккакли ва полиз экинлари билан тўлдириш мумкин ва бунинг учун муайян вақт талаб этилади.
Макроиқтисодий бошқарув, инвестицион ва ташқи иқтисодий фаолият талаб ва таклиф, қиймат, эҳтиёжларни узлуксиз ўсишидек умумиқтисодий қонунларга асосланиб амалга оширилса, импорт ва экспорт ҳажмидаги салбий фарқни оптимал даражага келтириш имконияти реал ҳолатга айланиши мумкин. Ўз-ўзидан тушунарлики, мамлакатнинг бу борадаги салоҳиятини рўёбга чиқариш кўп жиҳатдан уни таркибига кирувчи ҳудудларнинг самарали фаолиятига боғлиқ.
Самарқанд вилояти иқтисодий фаолият нуқтаи назаридан ўзининг чексиз имкониятлари ва рақобатбардошлиги билан республикамизнинг бошқа ҳудудларидан ўзига хос томонлари билан ажралиб туради. Вилоят саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳасида республикада илғор позициялар ҳамда потенциалга эга. Жорий йилнинг 8 ойида вилоятдан 246 миллион долларга тенг маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинган ва республикадаги улуши 2,5 фоизни ташкил этмоқда. Аҳоли сонидан келиб чиқадиган улушдан катта фарқ мавжудлиги республика экспортида салмоқли ўринга эга бўлган товарлар, яъни рангли ва қора металл, табиий газ, енгил автомобиллар ишлаб чиқариши бошқа вилоятларда жойлашганлиги билан изоҳланади.
Мисол учун, вилоятда 2019 йилда жами 160 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинган бўлса, жорий йилнинг январь-август ойларида ушбу кўрсаткич 51,3 миллион долларни ташкил этмоқда. Саноатда шу муддатда 194,9 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 маротабага кўпайган. Бу эса индустриал соҳада пандемиянинг асоратлари навбатма-навбат бартараф этилаётганидан далолат. Шунга қарамасдан саноат маҳсулотларини экспорт қилишда мавжуд имкониятларнинг катта қисми рўёбга чиқарилмай қолмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг саккиз ойида 60 миллион доллар қийматга эга тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинган. Бир йилда вилоятимизда ўртача ҳисобда 200 минг тонна пахта хомашёси етиштирилади. Бу эса 70 минг тонна атрофидаги тола дегани. Аслида ушбу миқдордаги хомашё ип-калава сифатида, яъни чуқур қайта ишланмасдан ярим тайёр маҳсулот сифатида экспорт қилинган тақдирда ҳам экспорт ҳажми 150 миллион доллардан кам бўлмаслиги керак. Демак, вилоят тўқимачилик кластерлари фаолиятида жиддий муаммолар мавжуд ва уларни чуқур ўрганиш ва бартараф этиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири. Шундай йўл тутилса, қўшилган қиймат занжирини яратишни узайтириш ва тўқимачилик соҳаси экспортини 300-350 миллион долларга етказиш мумкин.
Иқтисодий таҳлил кенгайиши билан захирада қолиб кетаётган имкониятлар ойдинлашаверади. Масалан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортида Пахтачи, Нарпай ва Каттақўрғон туманлари деярли тенг имкониятга эга. Уларнинг ҳар бирида пахта ва ғалладан ташқари минглаб гектар суғориладиган майдонлар бор. Афсуски, амалда улар эришган натижаларда катта фарқ юзага келганини кўриш мумкин. Нарпай туманида 8 ойда 2 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспорт қилинган бўлса, бу кўрсаткич Пахтачи ва Каттақўрғон туманларида мос тарзда 96 ва 290 минг долларга тенг бўлмоқда. Ушбу икки туманда ташкил этилган иссиқхоналарнинг жами майдони Нарпай туманига нисбатан 5-6 маротаба кенгроқ.
Ўзбекистонга четдан кофе ёки чой импорт қилинишини тушуниш мумкин, аммо картошка ва олманинг импорти биз учун ачинарли ҳолат. Албатта, агар 300 минг кишилик аҳолига эга туманлар барча шароитлар борлигига қарамасдан картошка етиштиришни йўлга қўймаса, боғларни янгилатишга етарли эътибор қаратмаса, бундай номутаносибликлар давом этаверади.
Товар ишлаб чиқариш ва бозор муносабатларига ўтиш шароитида ҳар қандай бизнес моддий манфаатга таянган ҳолда амалга оширилиши лозим. Бу эса кўплаб омиллар йиғиндисига боғлиқ.
Таҳлиллардан кўринадики, мева-сабзавот, дуккакли маҳсулотларнинг айрим турлари ички бозордан кўра анча арзон нархда экспорт қилинмоқда. Бу экспортнинг бозор тамойили асосида эмас, балки кўпроқ маъмурий усулда амалга оширилишининг далолатидир. Бунда транспорт харажатларини инобатга олсак, сабзавотларнинг айрим турлари ишлаб чиқарувчига фойда эмас, кўпроқ зарар келтириши ҳам айни ҳақиқат. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ичида драйвер ролини бажаришга қодир бўлган майиз ёки узум экспорти чуқур маркетинг тадқиқотларига асосланиб амалга оширилмаслиги натижасида бир мавсумнинг нархлари иккинчисидан кескин фарқ қилади.
Экспортда имкониятларнинг тўлароқ юзага чиқмаётганининг сабаби режа кўрсаткичларини етказиш жараёнидаги нуқсонлардан ҳам келиб чиқаётган бўлиши мумкин. Шу нуқтаи назардан нега мева-сабзавотчиликка ихтисослашган ва каттароқ имкониятларга эга Булунғур туманининг экспорт режаси Самарқанд туманига нисбатан икки маротаба паст этиб белгиланган.
Хўш, асл мақсад нимада? Нималарга кўпроқ эътибор берсак, вилоятимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини, ишлаб чиқарувчиларнинг даромадини ошириш, маҳаллий бюджетни қўшимча даромадлар билан тўлдириш, янги ишчи ўринлари яратиш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашга эришиш мумкин?
Биринчи навбатда эътиборга молик нарса шуки, экспорт фаолиятини товар баланси услубига таянмасдан амалга ошириш халқаро амалиётда катта хато ҳисобланади. Чиндан ҳам ички бозорни ҳеч бўлмаганда аҳоли бирламчи эҳтиёжларини қондиришга хизмат қиладиган мева-сабзавотлар билан тўйинтирмасдан уларни экспортини амалга ошириш мантиққа зид.
“Темир дафтар”даги аҳоли сонини камайтиришнинг энг осон йўли кундалик эҳтиёж товарлари нархларини бир текисда сақлаб туришдир ва унга эришиш учун ҳеч нарса тўсқинлик қилмайди. Бирламчи сабзавот турлари кесимида илмий асосланган рационал меъёрлар мавжуд ва уларни етиштириш ушбу омил ва аҳоли ҳар йили 600 минг кишига кўпаяётгани инобатга олиниб амалга оширилиши керак. Экспорт фаолиятини режавийлик тамойили асосида ва баланс услубига таянган ҳолда амалга ошириш лозим.
Мисол учун, вилоятимизда 425,6 минг гектар ҳайдаладиган ер бор. Унинг 200 минг гектарига пахта ва ғалла жойлаштирилади. 10 минг гектарда қўшимча тарзда помидор жойлаштирилиб томат пастасига айлантирилса, экспорт ҳажми 90-100 миллион долларга кўпаяди. Мева-сабзавот, дуккакли ва полиз экинларидан ташқари малина, қулупнай каби резаворлар экспортини музлатиш йўли билан амалга ошириш мумкин. Кўриниб турибдики, 1 миллиард долларлик марра хом хаёл эмас, амалда эришиш мумкин. Фақат ушбу фаолият илмийлик тамойили асосида амалга оширилса, кифоя. Бунинг учун экспортни анъанавий тарзда давом эттиришдан мантиққа зид нарса сифатида воз кечиш ва тубдан фарқ қилувчи янги хўжалик механизмини яратиш лозим. Бу борада айрим мулоҳаза ва таклифларга тўхталсак.
Биринчидан, туманларга етказиладиган экспорт мажбуриятларини шакллантириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жойлаштириш жараёни ўртасида катта узилиш мавжуд, буни зудлик билан бартараф этиш лозим.
Иккинчидан, ҳозирги шароитда туман бошқарув органларида чет эл бозорларидаги ҳолатни ўрганиш, импортёрлар билан шартномалар тузиш потенциали умуман мавжуд эмас.
Учинчидан, экспортбоп қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг аксарият қисми деҳқон хўжаликлари зиммасига тўғри келади. Бу эса ҳисоботларда, иқтисодий таҳлил ва маркетинг тадқиқотларини амалга оширишда жиддий муаммолар туғдириши муқаррар. Бу муаммони рақамли иқтисодиётга ўтиш, мобиль илова ишлаб чиқиш йўли билан бартараф этиш мумкин. Бунинг учун республика ҳукумати ва бошқа вилоятлар билан келишган ҳолда Самарқанд вилояти Россия Федерацияси, Қозоғистон ва бошқа импортёр давлатларни танлаб олиши ва улар билан тўғридан-тўғри ташқи савдо алоқаларини йўлга қўйиши керак. Самарага эришиш жараёнини тезлаштириш мақсадида танланган ҳудудларга вилоятимиздан доимий фаолият асосида маркетинг тадқиқотларини амалга ошириш қобилиятига эга мутахассислар жўнатилиши лозим. Улгуржи савдо базалари ва бозорлар фаолиятини ўрганиш, савдо ярмаркаларида қатнашиш йўли билан амалга ошириш мумкин. Маълумотлар вилоят миқёсида жамланиши, шунга асосан тегишли қарорлар қабул қилиниши ва туманлар кесимида режалар тузилиши керак.
Ҳозирча ҳеч бир туман экспорт режасини ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда амалга ошира олмаётганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Иқтисодий фаолиятда юзага келган вазиятда билим ва тажрибани ишга солиб, ёндашувдан воз кечиш, улардан мамлакат иқтисодиёти равнақи йўлида фойдаланиш кераклигини кўрсатмоқда.
Ўзбекистонда 2022-2026 йилларда иқтисодий ўсиш суръатларини тезлаштириш, ишлаб чиқаришни инновациялар ёрдамида диверсификация қилиш, натижада ялпи ички маҳсулотни аҳоли жон бошига икки маротаба ошириб 4 минг долларга етказиш, рақобатбардош мамлакатлар қаторига кириш максимум дастури сифатида эътироф этилмоқда. Янги беш йиллик иқтисодий муносабатларни гап-сўзларда эмас, амалда такомиллаштириш билан ўтиши лозим.
Илҳом Вафоев, иқтисодчи.