ТИВ Афғонистон билан давлат чегарасидаги вазият ҳақида маълумот берди

Кеча 14 август куни Афғонистон билан Давлат чегарасининг бўлинмаларидан бирида Афғонистон Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларидан иборат 84 кишилик гуруҳ давлат чегарасини кесиб ўтди ва ДХХ Чегара қўшинлари чегара отрядлари томонидан қўлга олинди, деб хабар бермоқда Tashqi ishlar vazirligi rasmiy vakili. Чегарани бузганлар қаршилик кўрсатмаган ва кўмакка муҳтожлигини билдирган. Жумладан, 3 нафар яраланган шахсга тиббий ёрдам сўраган.

Афғонистоннинг мазкур фуқаролари билан зарур текширув-фильтрлаш жараёнлари ва санитария-эпидемиология тадбирлари ўтказилди. Уларнинг айримларига тиббий ёрдам кўрсатилди, шунингдек, озиқ-овқат ва уларнинг вақтинча жойлашиши ташкил этилди.

Шу билан бирга, “Термиз-Ҳайратон” кўпригининг Афғонистон қисмида Афғонистон ҳукумат кучларининг ҳарбий хизматчилари тўплангани қайд этилди. Бу шахсларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон фуқароларининг ватанига қайтиши ва “Термиз-Ҳайратон” кўприги ҳудудидаги вазиятни тартибга солиш борасида Афғонистон томони билан музокаралар олиб бормоқда.

Бундан ташқари, 14 август кун давомида “Термиз - Мозори Шариф” темир йўл участкасида хизмат кўрсатувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ватанга қайтариш ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш кучайтирилган тартибда олиб борилмоқда, барча зарур хавфсизлик чоралари кўрилган. Термизда хавфсизлик идоралари раҳбарлари ва давлат ҳокимияти органлари вакилларидан иборат тезкор штаб жойлаштирилган.