Покистон Афғонистон ҳукуматига «уруш» эълон қилди

Кеча кечқурун Покистон ва Афғонистон ўртасидаги чегара ҳудудларида кенг кўламли тўқнашувлар бошланди. Бу ҳақда TOLO News манбаларга таяниб хабар берди. Қайд этилишича, жанглар Афғонистоннинг Нангарҳор, Нуристон, Кунар, Хост, Пактия ва Пактика вилоятларида содир бўлган. Ҳар икки томон артиллерия ва ўқотар қуроллардан фойдаланган.

Кейинчалик вазият янада кескинлашган. Geo News маълумотига кўра, Покистон ҳарбий-ҳаво кучлари Нангарҳор вилоятидаги нишонларга авиа зарба берган. ОАВ Покистон авиацияси Қобул, Қандаҳор ва Пактиядаги айрим ҳарбий объектларга ҳам зарба йўллаганини хабар қилди.

Чегарадаги жанглар давомида Покистон қуролли кучлари Афғонистон томонининг 30 дан ортиқ ҳарбий техникасини йўқ қилгани айтилмоқда. Шу билан бирга, Қобул шаҳрида қатор портлашлар содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Покистон расмийларининг баёнотига кўра, тўқнашувлар оқибатида Покистон томони 228 нафар афғон жангчиси ҳалок бўлгани ва 314 нафари яраланганини маълум қилди. Покистон томони маълумотларига кўра, «Толибон»га тегишли 74 та ҳарбий пост йўқ қилинган, яна 18 таси назоратга олинган. Афғонистон томони ҳозирча расмий баёнот билан чиқмаган.

Кейинроқ Покистон мудофаа вазирлиги Афғонистон билан уруш бошланиши ҳақида расман огоҳлантирди. Ҳозирча халқаро ҳамжамият томонидан расмий муносабат билдирилмаган. Аммо кузатувчилар вазият минтақавий хавфсизликка жиддий таҳдид солиши мумкинлигини таъкидламоқда.