Томорқа бўйича водий тажрибаси ўрганилмоқда

Самарқандга Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларидан бир гуруҳ омилкор томорқачилар келиб, жойларда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича маслаҳат бермоқда, тажрибалари билан ўртоқлашмоқда.
O`zLiDeP вилоят ва туман кенгаши ходимлари, депутатлар, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши туман бўлими вакиллари иштирокида кўргазмали семинар тарзида ташкил этилаётган ушбу тадбирнинг галдагиси Оқдарё тумани Бобур маҳалласида бўлиб ўтди.
Бу ерда Андижон вилоятидан келган тажрибали томорқа эгалари ушбу маҳалладаги Алиқул Низомов, Юля Умарова, Эшхўжа Насимов, Умида Ибрагимоваларнинг иссиқхона ва томорқа майдонларини кўздан кечириб, ўзаро тажриба алмашди.
Хусусан, Умида Ибрагимовага қарашли томорқанинг умумий майдони 30 сотих, шундан 2 сотихига мўъжазгина иссиқхона ташкил қилинган. Хонадон эгалари ярим сотихлик иссиқхонада ўн йилдан буён лимон парваришлаб келади. Шу кичик иссиқхонада 1 тоннадан ортиқ лимон етиштириб, 20-25 миллион сўм даромад олади. Янги ташкил этилган бир ярим сотихлик иссиқхонада мандарин, апельсин етиштиришни мақсад қилган. Шунингдек, томорқасида банан, киви етиштириш ҳамда гулчиликни ҳам тажриба тариқасида ўрганмоқда. Унга андижонлик тажрибали томорқачи Муҳиддин Мамадалиев иссиқхонада сабзавот экинларини етиштириш ва парвариш қилиш бўйича маслаҳат берди.
Семинар давомида маҳалладаги «Аёллар дафтари» ва «Темир дафтар»да рўйхатда турган хонадон эгаларига бепул сабзавот кўчатлари тарқатилди.
Шу каби кўргазмали семинарлар вилоятнинг қатор туманларида ташкил этилди, уларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Ҳайитов иштирок этди.
O`zLiDeP Самарқанд вилояти кенгаши ахборот хизмати.