Тошкент вилоятида кучли шамол ва ёмғир ёғиши оқибатида сув тошқини ва кичик талафотлар содир бўлди
29 апрель куни соат тахминан 22:00 да Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳудудида кучли ёмғир ёғиши натижасида туманнинг Навбаҳор, 1-бўлим, Деҳқонобод маҳаллалари ҳудудидан оқиб ўтувчи «Сардобсой» (бошланиш қисми қўшни Тожикистон ҳудудида) сойининг сув оқими кескин кўтарилиб, ўзанидан тошган.
Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, ҳодиса оқибатида жароҳатланганлар йўқ.
Шунингдек, кучли шамол ва ёмғир ёғиши Бекобод шаҳрининг ҳам айрим ҳудудларида кичик талафотларга олиб келди.
Хусусан, кучли шамол таъсирида 15-даҳа, 8-уй томининг бир қисми, 19-умумий ўрта таълим мактаби томининг 10 дона шифери синган. Шаҳар ҳудудида жами 32 дона дарахт синиб, бутун шаҳар бўйлаб электр таъминотининг узилишига сабаб бўлган.
Тонгги соат 03:00 га қадар шаҳарнинг 70 фоиз ҳудудида электр тамъиноти қайта тикланган ва ҳозирда қолган ҳудудларда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Учта хусусий хонадон ушбу кучли шамол ва ёмғирдан талафот кўрган. Улардан бири кам таъминланган оила бўлиб, ҳозирги вақтда хонадон эгасига ёрдам бериш чоралари кўрилмоқда.
«Мазкур ҳолат вилоят ҳокими Рустам Холматов томонидан назоратга олиниб, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи томонидан зарар кўрган аҳоли хонадонларига амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда оқибатларини бартараф этиш юзасидан тезкор чоралар кўрилмоқда», дейилади хабарда.
Ҳудудга фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда тегишли корхона ва ташкилотларнинг куч воситалари жалб қилинган.