Ҳиндистон шимоли-шарқида кучли ёмғир ва сел оқибатида ярим миллионга яқин одам жабр кўрди

Маҳаллий аҳолининг чорва моллари ва мол-мулкларига зарар етган. 1300 дан ортиқ қишлоқ сув остида қолган. Кучли ёмғир деярли 15 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерларини қамраб олган.

Сўнгги 24 соатда сел сувлари 10 та тўғонни ёриб ўтган. Йўллар ювилган, кўприклар бузилган. Кучли ёмғир туфайли деярли ярим миллион киши табиий офат ҳудудларида қолишмоқда. Мамлакат ҳукумати офатда жабрланган 11 та ҳудудда вақтинчалик турар жой лагерлари ва ёрдам тарқатиш пунктларини ташкил қилган.

Ҳиндистоннинг Ассам штати сўнгги бир ҳафта ичида икки марта сув остида қолди. Мамлакатнинг шимоли-шарқида муссон мавсуми сентябргача давом этиши мумкин.