Тошкентда яшайми ёки Анқарада?
Ўзбекистоннинг пойтахти бўлган Тошкентдан кечагина қайтдим. Охирги ўттиз беш йиллик ҳаётимнинг уч йилини Тошкентда (Туркиянинг Тошкентдаги элчихонасида ОАВлари аттешеси бўлиб фаолият юритдим), ўттиз икки йилини эса Анқарада ўтказдим.
Туркиядаги бир фирманинг маслаҳатчиси сифатида Тошкентга ҳамон тез-тез йўлим тушиб туради. Шу сафарги саёҳатимда Тошкентдаги ҳаётни кузатарканман, хаёлимга шундай фикр келмай қолмади “Ажабо, бу ёшдан кейин, турмуш ўртоғим билан қолган умримизни Тошкентда яшасакмикан?” - Анқара билан Тошкентни шундай қиёслама қилдим.
Тошкент, 3 миллион 200 минг кишилик аҳолиси билан 5 миллион 300 минглик аҳолиси бўлган Анқарадан кичикроқ, бироқ кенг майдонга ёйилган горизонтал меъморчиликка эга, йўллари кенг, кенг тармоқли метро йўналишлари туфайли транспорт тизими қулайлиги ҳам муаммосиз бир шаҳар.
Тошкентда уйлар ва квартиралар шаҳарнинг марказий иситиш тармоғи билан иситилгани учун иссиқлик таъминоти анча арзон. Асосий кўчаларнинг тагидан иссиқ сув қувурлари ўтказилгани сабаб, қишда йўллар музлаб қолмайди. Анқарада эса исиниш жуда қиммат.
Анқарада, қуюқ дарахтзор ва яшил майдонлар Тошкентдагидан анча кам. Тошкентда эса деярли ҳар бир маҳаллада катта-катта дарахтлар, сўқмоқли ажойиб парклар, сув каналлари, кўллар ва яшаш майдонлари бор.
Тошкентда ҳузур берувчи, сокин ва ишончли ҳаёт оқими мавжуд. Ҳеч ким шошилмайди. Шаҳарда 60 километрдан ошириб ҳайдаётган машиналар, шошаётган гавжумлик, бекор юрган одамлар билан тўлган майдонлар, кафелар, тиланчилар, маст-аластлар ва сайёр сотувчиларни кўрмайсиз.
Замонавий давлат автобуслари, дунёнинг энг гўзал ва безакли ерости бекатларига эга бўлган метроси эса текиндан бироз қимматроқ. Анқарага кўра, яшаш харажати ярми ярмига арзон. Тошкентда, айниқса, Туркиянинг бошига бало бўлган, такси ва номер мафиячилиги тизими йўқ. Давлатга йилига 250 долларга яқин солиқ тўлаб, шахсий машинангизда Яндекс такси қилиб ишлашингиз ва бундан қўшимча даромад олишга ҳақингиз бор. Ўртача, 50-60 лира (15-20 минг сўм) билан яндекс такси чақириб, истаган жойингизга электрли ва қулай машиналар билан етиб олишингиз мумкин. Анқарада 40-50 минг долларга олишингиз мумкин бўлган янги люкс электрокарларни Тошкентдан 20-25 минг долларга олсангиз бўлади. Дўконлар ва шаҳар бозорларида, айниқса, озиқ-овқатлар Туркиядан тенг ярмига арзон. Кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар ҳам Анқарадан арзон. Квартира нархлари ҳам Анқарадан авло. Ижарада яшаш учун 400-500 долларга уч хонали квартира топсангиз бўлади. Уйлар одатда, барча жиҳозлари билан берилади.
Турк ресторанлари нарх борасида Тошкентда ҳам Анқарадагидан унча фарқ қилмаса-да (ўзи турк ресторанлари қаерга борса, қимматчилик олиб боради, шуни бир тартибга олиши керак Ўзбекистондаги тегишли ташкилотлар (таржимон фикри), ўзбек ресторанларида деярли 150-200 лира (50-60 минг сўм) билан сергўшт ва нафис ўзбек миллий таомлари билан тўйишингиз мумкин.
Тошкент кўчалари Анқара кўчаларидан анча тоза. Зеро, барча асосий йўлларнинг ёнида бу ерда ўсадиган дарахтлар ҳам суғориладиган сув каналлари мавжуд.
Тошкент Анқарага қараганда кўп миллатли шаҳар. Руслар, украинлар, корейслар, татарлар, қозоқлар, уйғурлар, тожиклар тил ва ирқий томондан бир-бирларидан фарқ қилса-да, Ўзбекистон ватандоши сифатида эмин-эркин ва ичма-ич яшайдилар. Бундан ташқари, бутун дунёдан дипломатик миссиялар билан келган, кўп чет эллик ишбилармонлар ўз оилалари билан шу шаҳарда истиқомат қилишади… Тошкент нақд дунё мозаикаси…
Тошкентнинг Анқарага кўра энг катта камчилиги соғлик борасидаги хизматлари, дейишим мумкин. Мамлакатимиздаги муваффақиятли ва ривожланган соғлиқни сақлаш хизматлари Тошкентда унча ривожланмаганлиги сабаб, бир қанча касаллик билан оғриганлар даволаниш учун чет элга кетишга мажбур бўлади.
Эндиликда дунё кичрайиб қолди. Анқарадан 3200 километр узоқдаги Тошкентга 4 соатлик учиш билан бемалол етиб олишингиз мумкин. Деярли ҳар куни Тошкентдан Анқарага рейс бор. Мамлакатларимиз орасида кейинги тўққиз йил давомида юқорилаб борган яхши муносабатлар соясида, илк уч ойлик саёҳатларингизда виза олишга эҳтиёж ҳам йўқ.