Участка сайлов комиссиялари таркиби тасдиқланди
Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси ўтказилди.
Округ сайлов комиссияси раиси Х.Муҳаммадиев бошқарган йиғилишда дастлаб участка сайлов комиссиялари таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Сайлов кодекси ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган календар режага кўра, участка сайлов комиссияси округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида тузилади.
Участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, бу номзодлар халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.
– Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларининг участка сайлов комиссиялари таркиби бўйича тавсияларини кўриб чиқдик, – дейди округ сайлов комиссияси котиби О.Тошниёзов. – Участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, сайлов ва референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлиши, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар эканлигига алоҳида эътибор қаратдик.
Комиссия аъзолари томонидан ҳар бир номзодга доир маълумотлар синчковлик билан ўрганиб чиқилди. Имкон қадар гендер тенглигига эришишга, комиссия аъзолари сафида ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, педагоглар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари бўлишига ҳаракат қилдик.
Округ ҳудудидаги 1112 та участка сайлов комиссиялари аъзоларининг умумий сони 11874 нафарни ташкил этади. Уларнинг 10155 нафари ёки 86 фоизи аввал сайловларда қатнашган, бу борада тажрибага эга. Биринчи маротаба катнашаётганлар 1719 нафарни ташкил қилади. Комиссиялар таркибида хотин-қизлар 5822 нафар, 30 ёшгача бўлганлар 15 фоиз. Шунингдек, комиссия аъзоларининг 1 фоизи ёки 141 нафарини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил этмоқда.
Мутахассислиги бўйича 51 фоизи педагог, 11 фоизи тиббиёт ходими, 8 фоизи иқтисодчи, 5 фоизи муҳандис ва бошқа соҳа вакилларидан иборат. Участка сайлов комиссиялари раисларининг 317 нафари, раис ўринбосарларининг 279 нафари, котибларнинг 396 нафари хотин-қизлар.
Мажлисда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган дастур асосида участка сайлов комиссиялари аъзоларини ўқитиш, бунда округ комиссияси томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.