Туркия. Сайлов. Иккинчи тур: Ким ғалаба қозонади?
Бугун, 28 май куни Туркия тарихида биринчи марта президентлик сайловларининг иккинчи тури бўлиб ўтади.
Расмий матбуотнинг хабар беришича, сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 08:00 дан 17:00 гача ишлайди. Мамлакат бўйлаб 191 мингдан ортиқ сайлов қутилари ўрнатилган. Сайловчилар сони 60 миллион кишидан ошади.
14 май куни бўлиб ўтган овоз беришнинг биринчи босқичи натижаларига кўра, номзодлардан ҳеч бири 50 фоиз ололмади. Жумҳур иттифоқидан номзод, амалдаги президент Ражаб Тоййиб Эрдоған (49,52 фоиз овоз) ва Миллатлар иттифоқидан номзод, Жумҳурият Халқ партияси (ЖХП) етакчиси Камол Қиличдорўғли (44,88 фоиз) олиб, иккинчи турда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.
Овозларни санаш сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 17:00 да ёпилганидан кейин бошланади.
Хорижда яшаётган Туркия фуқаролари учун овоз бериш 24 май куни якунланди. 73 мамлакатда жами 3,5 миллион сайловчи овоз берган.
Хориждан сайлов қутилари ҳаво ва дипломатик почта орқали Анқарага етказилди. Улар бошқа сайлов қутилари қатори якшанба оқшомида овоз бериш тугаганидан кейин очилади.
Сайлов натижалари тўғрисидаги трансляцияни тақиқлаш 28 май, якшанба куни соат 21:00 гача амал қилади. Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан тақиқ қонун ҳужжатларида белгиланган муддатдан олдин олиб ташланиши мумкин.