“Улуғимсан, Ватаним!” қўшиғи сурдо тилида ижро этилди
Кеча Самарқанд шаҳридаги алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган (кар ва заиф эшитувчи) болалар учун ихтисослаштирилган 61-мактаб-интернатида "Тилга эътибор - элга эътибор” ҳафталиги доирасида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда мазкур муассасада таълим-тарбия олаётган ўқувчилар она тилимизни асраш, уни улуғлаш ва ривожлантиришга қаратилган мавзулардаги саҳна кўринишлари, шеърлар ва қўшиқларни сурдо тилида, имо-ишоралар билан ижро этди.
Айниқса, мактабнинг истеъдодли ўқувчилари жамоаси томонидан “Улуғимсан, Ватаним!” қўшиғини сурдо тилида ижро этилиши тадбирга файз киритди.
Яна бир жажжи истеъдодли қизалоқ Моҳичеҳра Исмоилова она тилимизга бағишланган шеърни ёддан имо-ишора билан ижро этиб бериши кўпчиликнинг эътиборин тортди.
Тадбирда ўқувчиларнинг адабиёт фанидан олган билимларини синаш мақсадида викториналар ҳам ташкил этилди.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ.